Усама бин Лодиннинг ўлимига оид янги тафсилотлар ойдинлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг Абботтабаддаги ҳаёти ва унинг аниқ қандай ўлдирилганига оид янги тафсилотлар юзага чиққан. Янги хабарлар бундан аввал билдирилганларига зиддир.

Якшанба куни душанба кунги махсус амалиёт чоғида ўзаро отишмаларнинг 40 дақиқа давом этгани билдирилган бўлса, америкалик мулозимлар бугунга келиб ҳарбийларининг фақатгина бир кишининг қаршилигига дуч келганликларини айтишмоқда.

Унинг Усама бин Лодиннинг хабарчиси Абу Аҳмад ал-Қувайтий бўлгани ва амалиётнинг бошидаёқ отиб ўлдирилгани ишонилади.

Ал-Қувайтийнинг покистонлик экани, 2002 йилдан бери Америка Жосуслик Хизматининг назорати остида бўлгани айтилади.

Тахминларга кўра, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари яшаб келган вилла ҳам унга тегишли бўлган.

Абу Аҳмад ал-Қувайтийни ўлдиргандан сўнг, Америка махсус кучлари Усама бин Лодин бошпана топган уч қаватли асосий бинога кириб боришади.

Рейтер ахборот агентлигининг ёзишича, улар бинода қўлини орқасига яшириб турган кишига тўқнаш келишади ва қуролланган, деган хаёлда уни ҳам отиб ўлдиришади.

Кейин аён бўлишича, унинг ҳеч қандай қуроли бўлмаган ва ал-Қувайтийнинг акаси бўлиб чиққан.

У билан бирга ал-қоидачи, деб гумон қилинган яна бир шахс ўлдирилган, аммо унинг жасади ёнидан қурол топилгани айтилади.

Шундан сўнг, америкалик ҳарбийлар зинадан кўтарилиб, учинчи қаватга чиқаётган пайтларида яна бир кишининг ҳужумига учрашган ва уни ҳам отиб ташлашган. Хабарларда унинг Усама бин Лодиннинг ўғли бўлгани айтилади.

Учинчи қаватга чиқиб борганларида эса, эшик ёки пешайвондан пойлаб турган Усама бин Лодинга кўзлари тушади ва унга қараб ўт очишади. Рейтернинг хабар беришича, шундан сўнг "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари хонага қайтади.

Бин Лодин ўзини ҳимоя қилганми?

Шундан сўнг, Америка махсус кучлари Усама бин Лодин бўлган хонага кириб келишади. Шунда ҳарбийларнинг оёғига бир аёл ташланади. Айрим хабарларда унинг бин Лодиннинг аёли бўлгани ҳам айтилганди. Аскарлар уни оёғидан отиб, яралашади. Бунинг ортидан Усама бин Лодинни отиб ташлашади.

Унинг кўкрак қафаси ва бошига қараб иккита ўқ узилгани айтилади. "Ассошиэйтед пресс" ахборот агентлигининг ёзишича, ўқлардан бири Усама бин Лодиннинг чап кўзининг тепасига келиб тегади ва бош чаноғининг бир қисмини жиддий зарарлайди.

Америкалик ҳарбийларнинг бостириб киришларига Усама бин Лодиннинг муносабати қандай бўлгани ва уларга қаршилик кўрсатишга уринганми-йўқлиги ҳалиям номаълум қолмоқда.

Ахборот агентлигига кўра, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари ёнида турган Калашников русумидаги автоматга қўл чўзган, аммо уни олишга улгурмаган.

Усама Бин Лодинни ўлдиргандан кейин америкалик ҳарбийлар унга тегишли барча ҳужжатларни йиғиштиришни бошлашади. Абботтабаддаги махсус амалиёт жаъми 40 дақиқа давом этади.

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ҳалок этилиши ортидан америкалик мулозимлар ўша тунги ҳодисалар тафсилотлари ҳақида бир-бирини инкор этувчи хабарлар бериб келишмоқда.

Абботтабаддаги ҳаёт...

Марҳум Усама бин Лодиннинг рафиқаларидан бири Абботтабаддаги виллада 5 йилдан буён яшаб келганликларини айтган. Бу ҳақда покистонлик юқори мартабали ҳарбий билдирган.

Манбага кўра, унинг аёли шу вақт мобайнида бирор марта ҳам хонадан ташқарига чиқмаганлигини айтган. Аммо Усама бин Лодиннинг ҳам шундай қилганми-йўқлигини очиқламаган.

Ўз исмини айтмасликни илтимос қилган ҳарбийлардан бирига кўра, ҳозир Усама бин Лодиннинг уч хотини покистонлик масъулларнинг қўлидадир.Улардан бирининг Яман фуқароси экани айтилади.

Усама бин Лодиннинг покистонлик юқори мартабали ҳарбий суҳбатлашишга муваффақ бўлган аёли махсус амалиёт чоғида яраланиб, ҳушидан кетгани, аммо ўша пайтда эри тирик бўлганини айтган.

Унга кўра, отасининг қандай отиб ўлдирилганига 12 яшар қизи гувоҳ бўлган.

Покистон ҳарбийлари махсус амалиёт ортидан вилладан 13 та болани олиб чиқиб кетишган. Улардан қай бирининг Усама бин Лодиннинг фарзанди экани ҳозирча маълум эмас.

Покистонлик юқори мартабали ҳарбий мулозимга кўра, Усама бин Лодиннинг аёли Абботтабаддаги виллада 5 йилдан буён яшаб келганликларини айтган.