Сўнгги янгиланиш 6 май 2011 - 14:15 GMT

Абботтабад: Усама бин Лодин виллада қандай ҳаёт кечирган?

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг Абботтабадда кечирган ҳаёти аста-секинлик билан ойдинлашиб бораркан, аёлларнинг қораси ҳеч қачон кўзга ташланмаган виллани бўйлари баланд, аммо камгапгина икки ака-ука юритишлари маълум бўлган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, ака-укалар қанчалик совуққон эканликларига қарамай, болаларни онда-сонда ширинликлар билан ҳам сийлаб туришган.

Уларнинг шахслари ҳақидаги хабарлар эса, бир-бирига зид.

Кўплаб оммавий-ахборот воситаларида уларнинг исм-шарифлари Аршод ва Тариқ Хонлар сифатида келтирилади.

Қўшниларидан бирининг айтишича, улар ўзларини Покистон шимоли-ғарбидаги Чарсаддадан эканликлари, иқлими яхши бўлгани учун Абботтабадга кўчиб келган уй соҳиблари, деб таништиришган.

Сатҳга бораётган журналистларнинг сони ортиб борар экан, оддий аҳоли ҳам қалъасифат ушбу вилланинг сирли соҳиблари билан муносабатлари ҳақида гапириб бера бошлашган.

Аммо улардан ҳеч бири виллада узун бўйли, қора соқолли хорижликка кўзлари тушганини айтишмаган.

Маҳаллий аҳоли шундоққина ёнгиналарида Усама бин Лодиндек ниҳоятда қидирув остида бўлган шахс яшаганидан бехабар кўринишади.

Вилла

Тиканли сим ўрнатилган баланд деворлар билан ўраб олинганига қарамай, вилла аҳоли яшайдиган учта мавзе ўртасида жойлашган.

Қўшниларининг сўзларига қулоқ тутилса, вилладагилар маҳаллий аҳоли билан деярли муносабатда бўлишмаган.

Уларнинг ҳеч кимга қўшилмасликка ҳаракат қилишлари шунчалик очиқ-ойдин эканлигидан алал-оқибат аксарият қўшнилари ўз ҳолларига қўйишган.

Вилладагилар тўй ёки бошқа маросимларда ҳам деярли кўриниш беришмаган.

Ҳиндистонлик журналистлардан бирининг Усама бин Лодиннинг қўшниларига таяниб хабар беришича, ҳатто, крикет ўйнаётган болаларнинг тўпи виллага тушиб кетган пайтда ҳам уни олишга изн берилмаган.

Вилладагилар ҳақида турли гап-сўзлар ҳам урчий бошлаган. Маҳаллий ҳайдовчилардан бири одамлар уларни контрабандачилар, деган хаёлга борганликларини айтади.

Бошқа бир шоҳидга кўра, америкалик ҳарбийлар томонидан уюштирилган махсус амалиёт ортидан, ҳовлидан қурол-яроғ, тилла ва нақд пул олиб чиқиб кетилган.

Салом ва хайр

"Улар фақат, "салом" ёки "хайрли оқшом" дейиш билан чекланишарди, холос. Лекин, "Ассалому алайкум," десангиз, "Ваалайкум ассалом," деб тўлиқ алик олишарди," дейди бошқа бир қўшниси.

Дўкондорлардан бири эса, "Фақат керакли нарсаларни сотиб олишарди, улар ҳам миқ дейишмагандан кейин, мен ҳам бир нарса деб ўтирмасдим," дейди.

Виллани узоқ вақтдан буён кузатиб келган америкалик мулозимлар эса, ичкаридагилар ахлатни ҳеч қачон кўчага олиб чиқмаганликлари, уларни ичкарида, деворнинг тагига кўмиб ташлаганликларини айтишади. Уларга кўра, виллада телефон ёки интернет алоқаси ҳам бўлмаган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, виллага ўқ ўтмас машиналар кириб, чиқиб юрган. Аммо машиналарнинг ортидан вилла эшиклари зудлик билан ёпиларди, дейди бошқа бир қўшниси.

Ал-Арабия телевизион каналидаги чиқишида бошқа бир қўшниси, "Вилладагиларнинг меҳрибон одамлар бўлишгани, аҳволлари ночор бўлганларга тоза ичимлик суви ва озиқ-овқат тарқатишгани, Рамазон ойида одамларни ифторга чақириб, яхши овқатлар билан меҳмон қилишгани"ни айтади.

Ичкарида бўлган болаларнинг ҳам мактабга борган-бормаганликлари маълум эмас. Маҳаллий аҳолидан айримлари улар уйда ўқитилган, ҳам дейишади.

Почтальон эса, ҳар куни виллага газета олиб боргани ва ҳар ой, кечикмасдан ойлик тўлови бериб борилганини айтади. У ўзининг ҳеч қачон ичкарига кирмагани, аммо эчки ортилган машина виллага кириб кетганига кўз тушганини ҳам қўшимча қилади.

Маҳаллий дўкондорлардан бири эса, ҳар ҳафта виллага иккита эчки келтирилгани ва ҳар куни 10 литр сут олиб келишганини ҳам айтади.

"Вилладаги ўғил болалар дўконимга ширинлик сотиб олиш учун келиб туришарди, аммо аёлларга ҳеч қачон кўзимиз тушмаган," дейди у.

Виллага киришга муваффақ бўлган Би-би-си мухбирлари эса, у ерда болалар ва катталарга мўлжалланган ҳар хил дори-дармонларга ҳам кўзлари тушганлигини айтишади.

Покистоннинг мазкур ҳудудида асосан хос ва ҳашаматли ҳовли-жойлар жойлашган.

Усама бин Лодин бошпана топган вилла эса, "Вазиристон ҳовли," деб аталган.

Ўтган олти йил оралиғида сунъий йўлдош воситасида олинган тасвирлардан эса, янги-янги қурилишлар ҳисобига ҳовлининг кенгайиб борганини кўриш мумкин бўлган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.