Сўнгги янгиланиш 6 май 2011 - 16:31 GMT

Сурияда жума намози ортидан 'Бўйсунмаслик куни' бошланди

Суриядан келаётган хабарларда айтилишича, катта сондаги хавфсизлик кучларининг ҳозирликларига қарамай, мухолифат фаоллари жума намози ортидан, ўз таъбирларида, "Бўйсунмаслик куни"ни бошлашган.

Бутун Сурия бўйлаб минглаб кишилар аксилҳукумат намойишларида иштирок этишмоқда.

Мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида намойишчилар ва хавфсизлик кучлари орасида тўқнашувлар ҳам кузатилган.

Ҳомс ва Ҳама шаҳарларида беш кишининг қурбон бўлгани айтилмоқда. Аммо ушбу хабарни мустақил манбалардан текширишнинг иложи йўқ.

Пойтахт Дамашқнинг Майдон туманида эса, намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланган. Дамашқ сарҳадларидаги бошқа туманларда ҳам кичикроқ намойишлар уюштирилган.

Айрим хабарларга кўра, Суриядаги энг таниқли мухолифат фаолларидан бири Рийод Сайф ҳибсга олинган.

Ҳукумат кучли хавфсизлик чораларини кўрган: танклар сафарбар этилган ва назорат нуқталари ташкил этилган.

Дераа


Сурия армияси эса, ўтган бир неча кун ичида оммавий намойишларга саҳна бўлган жанубий Дераа шаҳридан ўз танкларини олиб чиқиб кетган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишларича, ҳукумат кучлари шаҳарда "ўн кунлик қирғин" ўтказишган.

Кузатувчиларга кўра, аскарлар қуролсиз намойишчиларга қарши пулемёт ва мерганлар милтиғидан ўт очишган.

Оддий одамлар томонидан олинган видеолавҳалар ҳам уларнинг сўзлари рост эканига далолат қилади.

Манбаларнинг маълумотларига мувофиқ, қарийб икки ойдан буён давом этаётган аксилҳукумат намойишларида 500 дан ортиқ киши қурбон бўлган. Камида 2.500 таси ҳибсга олинган.

Хорижий журналистларнинг фаолият олиб боришларига рухсат бўлмаганлиги учун, Сурияда нималар юз бераётгани ҳақида тўлиқ маълумот олишнинг имкони йўқ.

Сурия Президенти Башар ал-Ассаднинг ҳукуматига қарши норозилик билдираётган намойишчилар кўпроқ сиёсий эркинликлар берилиши ва инсон ҳуқуқларининг яхшироқ таъминланишини талаб этишмоқда.

Навбатдаги норозилик чиқишларининг бугун жума намози ортидан бошланиши кутилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, кеча кун давомида ҳукумат кучлари Суриядаги аҳоли яшайдиган мавзелар яқинида тўпланишган. Жумладан, Суриядаги нефтни қайта ишловчи икки йирик корхонадан бири жойлашган Банияс шаҳри атрофида ҳам катта сондаги аскарларни кўриш мумкинлиги айтилади.

Тунги намойишлар

"Ассошиэйтед пресс" ахборот агентлигининг маҳаллий аҳолининг сўзларига таяниб хабар беришича, Банияс яқинида аскарлар тушган автобус, тўртта зирҳли ҳарбий машина ва бир нечта танкка кўзлари тушган.

Дераадаги ҳодисаларнинг такрорланишидан қўрқиб, юзлаб кишиларнинг шаҳарни ташлаб чиқаётганлиги ҳам айтилади.

Маҳаллий фаоллардан бири ҳукумат қўшинлари Баниясда ҳам Дераадагига ўхшаб иш тутишга ҳозирлик кўраётганга ўхшашади, дейди.

Дераа шаҳри президент Ассад оммавий намойишларни бостириш учун аскарларини ташлаган 25 апрел кунидан буён қарийб қамал ҳолатида қолиб келаётганди.

Ҳарбийлар шаҳарда электр таъминоти ва телефон алоқасини узиб қўйишганди.

Бундан ташқари, пайшанба кун тунда юзлаб аскарлар пойтахт Дамашқ сарҳадларига ҳам сафарбар этилишган.

Аскарлар уйларга бостириб кириб, 300 дан ортиқ кишини ҳибсга олишган.

Бундан ташқари, Ҳомс ва Растан шаҳарларида ҳам аскарларнинг сони оширилган.

Минтақада бўлган мухбиримиз Жим Мюирнинг хабар беришича, жума куни оммавий намойишларнинг уюштирилишига йўл қўймаслик учун Сурия ҳукумати қўлдан келган ҳамма ҳаракатини қилиши мумкин.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.