Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида қақшатқич жанглар кечмоқда

Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор шаҳрида Толибон жангарилари дея гумон қилинган қуроллилар қатор мувофиқлаштирилган ҳужумлар уюштириши ортидан қақшатқич жанглар бошланиб кетган.

Толибон ҳужумларида нишонлар асосан шаҳардаги ҳукумат бинолари - ҳоким қароргоҳи, жосуслик хизмати ва полиция идоралари бўлгани айтилади.

Маълум қилинишича, камида 6та худкушлик ҳужуми амалга оширилган. Камида 23 киши, жумладан, бир полиция ходими яраланган.

Расмийларга кўра, худкуш ҳужумчи деб гумон қилинган икки жангари отиб ўлдирилган.

Аммо, талофатлар сони кўп бўлиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар бор.

Би-би-сининг Қандаҳордаги мухбири қаттиқ портлаш ва отишмалар овозлари бир неча соат қулоққа чалинганини айтган.

Олдинроқ, Толибон "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодин ўлдирилгани учун қасос олишга сўз берганди.

Толибон Қандаҳордаги ҳужумларни ўзи уюштирганини айтган.

Охирги хабарларга кўра, Қўшма Штатлар қирувчи учоқлари ишга солинган.

4 қаватли савдо марказида хавфсизлик кучлари билан қуроллилар ўртасида отишма кечаётгани хабар қилинади. Ҳар икки томондан ҳам автомат қуроллар, елкага қўйиб отиладиган ракеталар қўлланилган. Шаҳар бўйлаб камида етти жойда портлаш рўй берган.