Microsoft 8,5 миллиард долларга Skypeни сотиб олаётганини тасдиқлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Microsoft корпорацияси Интернет-телефон ширкати Skypeни 8,5 миллиард АҚШ долларига тенг баҳода сотиб олаётгани хабарини тасдиқлади.

Бу Microsoft тарихидаги энг йирик харид бўлади.

Skype дастлаб компютер орқали бепул сўзлашиш имкониятини яратган дастур сифатида оммалашган, бугунги кунда бош қароргоҳи Люксембург шаҳрида жойлашган ширкатнинг дунё бўйича 663 миллион фойдаланувчиси бор.

Skypeни 2006 йилда eBay Интернет савдо хизмати 2,6 миллиард долларга сотиб олган, 2009 йилда ширкат акцияларининг 70 фоизини 2 миллиард АҚШ долларига сотишга қарор қилган эди.

Янги олди-берди шартномасига қадар Skype акцияларининг аксари Silver Lake ҳамда Andreessen Horowitz деб номланган хусусий ширкатлар ихтиёрида бўлган.

Microsoft ижрочи директори Стив Баллмер айтишича, Skype дунё бўйлаб миллионлаб яхши кўрадиган беқиёс хизмат.

"Биргаликда биз жаҳоннинг ҳар қандай жойида бўлган оилалар, дўстлар, мижозлар ва ҳамкасбларнинг реал вақтдаги мулоқотини осонлаштирамиз", деган Microsoft раҳбари.

Таҳлилчилар Microsoft янги хариди билан Интернет видео-конференция хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадини кўзлаётганини айтишади.

Skypeни сотиб олиш билан Microsoft Интернетдаги ўзининг таъсирини кучайтиради ва янги турдаги мобил телефонлар бозорида каттароқ рол ўйнаш имкониятига эга бўлади.

Яқинда Microsoft ўзининг Windows Phone 7 мобил телефонини ҳам муомалага чиқарган.

АҚШнинг йирик ширкати ҳисобланган Microsoft учун 8,5 миллиард доллар унча катта маблағ эмас, бироқ у Skype учун бундан ҳам кўпроқ пул беришга рози бўлган.

Skype 2003 йилда ташкил этилган.

Skypeнинг фойдаланувчилари ўзаро текин суҳбатлашишади, бироқ Skype ўрнатилган компютердан бошқа телефонларга қўнғироқ қилиш учун ҳақ тўлаш талаб қилинади.