Oxus Gold Ўзбекистонга қарши халқаро маҳкамада ютиб чиқишига "ишончи комил"

Image caption Амантайтаудан 24 миллион унция олтин ва 480 миллион унция кумуш қазиб олиш мумкинлиги аниқланган

Британиядаги Oxus Gold олтин ишлаб чиқариш ширкати Ўзбекистон ҳукуматини ноқонуний амалларда айблаб чиққан.

"Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги йирик хорижий сармоядор ҳақида ёлғон ва нотўғри таассурот қолдирадиган баёнотлар тарқатди", дейилади британ ширкати баёнотида.

Oxus Gold баёнотига кўра, Ўзбекистондаги кўп йиллик муваффақиятли фаолиятидан кейин ширкат Ўзбекистон ҳукуматининг ресурсларни давлат ихтиёрига ўтқазиш ҳаракати нишонига айланган.

Би-би-си Oxus Gold ширкати адвокати Роберт Амстердамдан ўзбек ҳукуматининг қўшма корхонани ликвидация қилиш қарорининг сабаби ва ҳукумат мақсади нима бўлганини сўраган.

Амстердам: Ўзбекистонда юз бераётган жуда кўп ҳодисаларнинг асл сабаби ҳақида фақат тахмин қилишингиз мумкин, холос. Чунки Ўзбекистон қонунлар ишламайдиган мамлакат. Ҳозир жаҳон бозоридаги олтиннинг нархи тарихий жиҳатдан олганда ҳам жуда баланд. Ана шу нарса асл сабаб бўлиши мумкин. Ҳозир Ўзбекистонда мол-мулки ноқонуний равишда яна давлат тасарруфига қайтариб ўтказилган хорижий ширкатлар сони жуда кўп. Ўзбекистонда демократия ҳам йўқ, жавобгарлик ҳам йўқ. Шунинг учун фақат тахмин билдириш мумкин.

Би-би-си: "Амантайтау Голдфилдс" ҳиссаларининг 50 фоизи Оксус Голдга тегишли. Ҳозир ана шу 50 фоизлик акциялар қиймати қанчага баҳоланади?

Амстердам: Бу ҳиссаларнинг қиймати Ўзбек ҳукуматининг буйруғи натижасида паст қилиб баҳоланган. Нарх-наволар ҳақида ҳозир маълумотим бўлмаганидан мен бу ҳақда бир нарса демоқчи эмасман.

Би-би-си: Унда бугун "Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонасининг қиймати қанчага баҳоланаяпти?

Амстердам: Ҳамон у жуда катта қийматга эга ширкат. Олтиннинг баҳоси ҳали ҳам баланд бўлиб турар экан, бу ширкат баҳоси ҳам юқори бўлади.

Би-би-си: Биламизки, шу йил январ-феврал ойларида Оксус билан ўзбек расмийлари Оксусга тегишли акцияларни ўзбек томонига сотиш юзасидан музокаралар ўтказди. Ўша музокаралар пайти ўзбек тарафи Оксусга акциялари учун қанча баҳо таклиф қилишган?

Амстердам: Улар ҳеч қанақа таклифни ўртага ташламадилар. Нега ўзбек томони бирор баҳо таклиф қилишмагани сабабини мен билмайман. Агар Оксусга мақбул бир баҳо таклиф этилганида биз буни қабул қилган бўлар эдик.

Би-би-си: Шу кунларда Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири ўринбосари Оксусга солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинган фурсат берилгани ҳақида айтди. Бу муддат қайси йилларни ўз ичига олган?

Амстердам: Бу Ўзбекистон ҳукумати тарафидан 10 йиллик муддатга кафолатланган солиқ ва божхона имтиёзлари эди. Аммо, ҳукумат ваъда берган муддат тугамасидан ва Оксус томонини огоҳлантирилмасдан туриб, ўз шартларни ўзгартирган. Шундай экан, Ўзбекистон ҳукумати Оксус билан имзолаган шартномасини бузган.

Би-би-си: Оксус билан битимда кўзда тутилган 10 йиллик муддат қачон бошланган?

Амстердам: Шартномада 10 йиллик муддат белгиланган. Бу шартнома 2000 йилдан бошланган ва ўша йилни ҳам ўз ичига олган. Аммо, битим шартлари 2006 йилда бекор қилинган.

Би-би-си: Сиз ўзингизнинг интервьюнгизда ўзбек расмийлари Оксусга пўписа қилиб, овозимизни ўчиришни кўзлаяпти, аммо биз бунга йўл қўймаймиз, биз бунга қарши курашамиз, дегансиз. Бунда нимани назарда тутгансиз?

Амстердам: Биз уларни арбитраж маҳкамасига тортиш қобилиятига эгамиз. Ва шундай қиламиз. Биз ўзбек ҳукуматининг куни-кеча қилганидек, ёлғон ва асоссиз баёнотларига албатта муносиб жавоб қайтарамиз.

Би-би-си: Сиз ҳали ҳам масаланинг маҳкамасиз ҳал этилишига умид қилаяпсизми?

Амстердам: Биз музокара қилишни истаймиз. Биз ҳиссадорларнинг мол-мулкини муносиб тақдим этиш учун конструктив иш юритишни хоҳлаймиз. Бу нарса ўзбек расмийларига боғлиқ.

Би-би-си: Сиз ўзбек томони билан мулоқот қилиб турибсизми?

Амстердам: Биз бунга ҳаракат қилаяпмиз, аммо муносиб бир жавоб олганимиз йўқ.

Би-би-си: Сиз агар бу можарони халқаро маҳкамага олиб чиқишга қарор қилсангиз, жараён қачон бошланиши мумкин?

Амстердам: Биз жараённи июн ойида бошлаймиз. Оксус ширкати ўзининг кўзлаган мақсадига эршишига ишончи комил.