Суриянинг учинчи энг йирик шаҳри Алеппода минглаб талабалар чиқиш қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Деярли икки ойдан бери давом этаётган намойишларда 1000га яқин одам ўлганига қарамай, норозилик сўнмаяпти

Сурия хавфсизлик кучлари мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Алеппода минглаб талабаларнинг намойишини куч билан тарқатган.

Талабалар шаҳарчасида юзага келган бу намойиш Алепподаги энг йирик норозилик амали экани айтилмоқда.

Талабалар Суриянинг бошқа шаҳарларида, хусусан Ҳомс, Дара ва Баниясда армия қамалининг тугатилишини талаб қилишган.

Айни шаҳарлар Президент Башар ал Ассаднинг ҳукуматига қарши ҳиссиётларнинг марказлари бўлиб келмоқда.

Ўтган бир неча ҳафта давомида Алепподан бир қатор талабалар намойишлар бўлиб ўтганди, аммо уларда атиги бир неча юз киши қатнашган ва улар тез тарқатилганлар.

Бу галгиси энг йириги дея баҳоланмоқда - бир неча минг талаба Алеппонинг ғарбий қисмидаги талабалар шаҳарчасига йиғилиб, Дарага хайрихоҳликларини изҳор этувчи шиорларни айтиб ҳайқиришган.

Аввал юз берганидек, Ассад режимига содиқ талабалар ва резина тўқмоқлар кўтариб қолган хавфсизлик кучлари жосуслари намойишчиларга томон юриб, оломонни тарқатишган.

Бир хабарга биноан, полиция оломоннинг шаҳар марказига етиб боришининг олдини олиш учун асосий йўлни ёпиб қўйган.

Алеппо шу кунгача нисбатан осойишталик ҳукм сураётганди.

Таҳлилчиларга кўра, Алеппо ва пойтахт Дамашқ ғалаёнларга тўла дастак кўрсатишмас экан, Ассад режимини қулатиш эҳтимоли кам.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюирга кўра, ҳукумат буни яхши билади, ва шу икки шаҳарда норозилик учқунлари чиқмаслиги учун қўлидан келганини қилишга уринмоқда. Чоршанба куни намойишларнинг бостирилиши манзарасида 18 инсон нобуд бўлгани хабар қилинди.

Танклар учинчи йирик шаҳар Ҳомсни танклардан ўққа тутган, Дара атрофидаги бошқа шаҳарлар ва қишлоқларда ҳам тўқнашувлар юз берган.

Ҳукуматнинг қаттиққўл чоралари оқибатида минглаб одамлар ҳибсга олинган ва юзлаб одамлар ҳалок бўлган.

Сурия ҳукумати террорчиларга қарши курашаётганини айтмоқда.