Усама бин Лодинни ўлдирган америкалик ҳарбийлар ўз хавфсизликларидан хавотирда

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг айтишича, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодинни ўлдирган нуфузли ҳарбий бўлинма аъзоларининг хавфсизликларини таъминлашга қарор қилишган.

Жаноб Гейтсга кўра, бунга АҚШ Денгиз Флоти Тезкор бўлинмаси аъзоларининг ўзлари ва оилаларининг хавфсизликларидан хавотирга тушиб қолганликлари сабаб бўлган.

Усама бин Лодиннинг ўлдирилишидан бир неча кун ўтиб, "Ал-Қоида" тармоғи ўз раҳбарининг ўлими учун қасос олишини айтиб чиққанди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбари 2 май куни Покистоннинг шимолий Абботтабад шаҳридаги ҳовлисида америкалик ҳарбийлар томонидан уюштирилган махсус амалиёт чоғида ҳалок этилганди.

АҚШ Мудофаа вазирининг билдиришича, Усама бин Лодининг ўлими ортидан мамлакати қуролли кучларига қарши таҳдидлар кучайган.

Роберт Гейтс бу ҳақда Шимолий Калифорниядаги ҳарбий жамлоқда, денгиз пиёда қўшинлари қаршисида қилган чиқиши чоғида айтган.

Унга кўра, Усама бин Лодинни ўлдирган махсус бўлинма аъзолари билан ўтган ҳафта учрашган чоғида улар ўз хавфсизликларидан шикоят этишган.

Жаноб Гейтс ҳозир уларни қандай қилиб ҳимоя қилиш устида бош қотираётганликларини билдирган.

"Рейдда иштирок этган ҳарбийларнинг шахсларини ошкор этмаслик учун қўлдан келганча ҳаракат қилаяпмиз ва шундай қилишда давом этамиз," деб айтган АҚШ Мудофаа вазири.

Аммо Абботтабаддаги махсус амалиётда иштирок этганлар АҚШ Денгиз Флотининг Олтинчи Текзор бўлинмаси аъзолари эканига оид хабар бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди.

Журналистлар бўлинма ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун улар жойлашган Виржинияга танда қўйиб олишган ва тезкор кучларнинг собиқ аъзоларига турли телевизион каналлар томонидан суҳбатга чорловчи таклифлар ҳам ёғилиб кетганди.

Жаноб Гейтснинг айтишича, қилган шунча ҳаракатларига қарамай, рейд тафсилотлари четга чиқиб кетган.

Президент Обаманинг бувиси ҳам ҳимоя остида

Усама бин Лодиннинг ўлими ортидан Кенияда АҚШ Президенти Барак Обаманинг ўгай бувиси Сара Обаманинг уйи атрофида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Маҳаллий маъмурларнинг айтишларича, энди президент Барак Обама бувисининг уйига келаётган ҳамма батафсил текширувдан ўтказилади.

Кения ғарбида истиқомат қилувчи Сара Обама Америка раҳбарининг ота томондан буваси Ҳусайн Онянго Обаманинг учинчи хотинидир.