Ҳаага трибунали прокурори Қаддофий ва ўғлини ҳибсга олишни сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Луис Морено-Окампо Қаддофий тинч фуқароларга ҳужум ҳақида шахсан буйруқ берганини исботловчи далиллар борлигини айтди

Халқаро Жиноят Маҳкамасининг Бош прокурори Луис Морено-Окампо маҳкамадан Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ҳамда унинг ўғли Саиф ал-Исломни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ чиқаришни сўраганини айтди.

Қаддофий ва ўғли инсониятга қарши жиноятларда гумон қилинмоқда. Бош прокурор, шунингдек, Ливия хавфсизлик хизмати раҳбари Абдуллоҳ ал-Сануссийни ҳам шу йил февралидаги намойишларнинг зўравонлик билан бостирилишига алоқадорликда ҳибсга олиш сўралганини маълум қилди.

Унга кўра, Халқаро Жиноят Маҳкамаси олиб борган тергов Ливия раҳбари полковник Қаддофий ўз фуқароларига қарши ҳужумларга шахсан буйруқ берганини аниқлаган.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси мулозими Муаммар Қаддофий ўз ҳокимиятига ҳар қандай хавфни мунтазам равишда бартараф этишда атрофидагиларга суянгани ҳақида далилларни қўлга киритганликларини айтди.

'Мунтазам ҳужумлар'

Луис Морено-Окампо унинг идораси1200 та ҳужжатларни ўрганиб чиққани ва 50 нафар муҳим шоҳидлар билан суҳбатлашганини айтган.

Муаммар Қаддофий, унинг ўғли ва хавфсизлик хизмати раҳбари инсониятга қарши икки турдаги жиноят-қатл ва таъқибларни содир этганликда гумон қилинади.

Айблов Ливиядаги аксилҳукумат намойишлари бошланган 15 февралдан буён ўтган вақтни қамраб олган.

Биргина феврал ойининг ўзида 500 дан 700 гача одамлар ўлдирилган, деб ишонилади.

Жаноб Морено-Окампо ўзининг Ливиядаги вазиятни Халқаро Жиноят Маҳкамасига оширган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциясига мувофиқ амал қилаётганини айтиб, фуқароларга қарши жиноят содир этганларнинг жавоб бериши кераклигини урғулади.

"Далиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ливия хавфсизлик кучлари тинч аҳолига қарши кенг қамровли ва мунтазам ҳужумларни амалга оширган", дейилади Бош прокурор идораси чиқарган баёнотда.

Бирлашган Миллатларнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши томонидан олиб борилаётган текширув эҳтимолий уруш жиноятлари борасидаги ҳисоботини БМТ Хавфсизлик Кенгашига 7 июн куни тақдим этиши кутилмоқда.

Халқаро Жиноят Маҳкамасининг судолди палатаси прокурорнинг мурожаатини қабул қилиши, рад этиши ёки ундан қўшимча маълумот сўраши мумкин.

Агар Муаммар Қаддофийни ҳибсга олиш ҳақидаги буйруқ чиқариладиган бўлса, у Хага Трибунали тарихида ҳибсга олиниши сўралган иккинчи амалдаги давлат раҳбари бўлади.

Судан Президенти Умар ал - Баширга Дарфурдаги қатлиомга алоқадорликда ҳибсга олиш буйруғи чиқарилган.

Ливия ҳукумати ҳозирнинг ўзида Халқаро Жиноят Маҳкамасининг қарори билан ҳисоблашмаслигини айтган.

Ливия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Холид Қайим маҳкама "Оврўпо Иттифоқининг африкалик сиёсатчилар ва раҳбарлар учун" ўйлаб чиқарган нарсаси эканини айтди ва унинг фаолиятини "баҳсли" дея баҳолади.

У Ливия, аксарият Африка давлатлари ва АҚШ каби Халқаро Жиноят Маҳкамасини тан олмаслиги ва унинг қарорига эътибор бермаслигини айтди.