Саудияликлар ва Бин Лодиннинг Жиддадаги дўстлари унинг ўлимига қандай қарайдилар?

Усама бин Лодиннинг ўлганига ишонадиганлардан бири Холид Батафийдир
Image caption Усама бин Лодиннинг ўлганига ишонадиганлардан бири Холид Батафийдир

Жиддада тун яримлаб бормоқда. Шунга қарамай, Қизил денгиз тўлқинлари садоси остида кўплаб саудияликлар ўз оилалари билан соҳил бўйига чиқишган. Кимдир тамадди қилган, кимдир чанқовбосди ичимликлардан лаззатланган...

Хуллас, айни мана шу соҳилларда саудияликларнинг фикрлари қанчалар ранг-баранг эканини билиш мумкин. Усама бин Лодиннинг ўлими борасида ким қандай фикрда эканини билиш учун ҳам бу ер энг мақбул бир бўлгадир.

"Америкаликларнинг амалига қандай қарайсиз?" деб сўрайман соҳилдаги саудияликдан. Ва у америкаликлар нотўғри қилишганини айтади.

"Сизнинг назарингизда Усамани ҳибсга олиш керак эдими?"

У: "Ҳа, уни ҳисбга олишлари керак эди. Қамоққа ташлашлари ва жазо белгилашлари лозим эди. Телевизиондан кўрсатишлари керак эди. Биз ундан савол сўрар эдик", дейди.

Мен яна бир саудияликдан: "Усама бин Лодиннинг ўлганига ишонасизми?" деб сўрайман.

У дарров: "Йўқ", деб жавоб беради. "Чунки, дейди у, унинг ўлганига бизда ҳеч бир далил йўқ ".

'Уятчан ва ширинтой бола...'

Усама бин Лодиннинг ўлганига ишонадиганлардан бири Холид Батафийдир. У "Ал Қоида"нинг собиқ раҳбари Усаманинг болаликдаги энг яқин дўстларидан бири бўлган.

"Усама қандай бола эди?" дея савол ташлайман унга.

Image caption Усама бин Лодин катта бўлган ҳовли ўрнида кўп хонадонлик уй қад кўтарган...

"Ширинтой бир бола эди. Жуда меҳрибон ва анчайин уятчан эди. Болакай Усама балоғатга етган Усаманинг том тескариси эди... Афғонистон уни ўзгартириб юборди".

Жидданинг кичик ва тинч кўчаларидан бирида Усама бин Лодин вояга етган. У катта бўлган ҳовли вайрон қилиниб, ўрнига олти қаватли, кўп хонадонлик уй қад кўтарган. Аммо, худди шу ерда Усама дўстлари билан учрашган, футбол тепган...

"Мен илк бор унинг номини эшитиб, ҳайратланганимда Америкада эдим. Талабалигимда бир куни телевизиондан Президент Клинтон чиқди. У Африкадаги Америка элчихонаси портлатилгани ҳақида гапира туриб, "хатарли шахс Усама бин Лодин" номини тилга олди. Мен даҳшатга тушдим. Бу ўша мен билган Усаманинг ишими деб ҳайратланардим..."

Кўплаб саудияликлар каби Усама бин Лодин ҳам ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўз ватанини ташлаб, Шўроларга қарши курашиш учун Афғонистонга йўл олганди. У 1990 йилда қайтди. Ватанга қайтар экан, Бин Лодин маърузалар бера бошлади ва бир маънода Ироқнинг Қувайтга бостириб киришини "башорат" қилди.

Жамол Кашогий Бин Лодин билан Афғонистонда бўлган ва ватанга қайтишганида ана шу машҳур маърузада иштирок этган. Кейинроқ, у дўстидан қандай қилиб келажак ҳақида бунақа ишонч билан гапириши ҳақида сўраган.

"У Қуръондан ўқиди. Сурада жиҳод ҳақида, ким Оллоҳ розилиги учун жиҳод қилса, унга ҳақ йўл кўрсатилиши ҳақида сўз борар эди. Мен ташқарига чиқдим. Унинг бу каби ишонч билан гапираётганларидан хотиржам эмас эдим. Дўстим билан суҳбатлашдим. У ўзини ўзи "мен ҳақ йўлдаман, чунки Оллоҳ мени бу йўлга бошламоқда", деб ишонтирган ва шундай бир ҳолатни ўзига касб қилганди... Ўшанда мен илк бор Усама худбинлик йўлига ўтмоқда деган хаёлга боргандим..."

'Ал Қоида ғояси ўлгани йўқ...'

Image caption Жамол Кашогий Бин Лодиннинг ғоялари муваффақиятсизликка учраганига ишонади

Жамол ва ё Холид Усама билан сўнгги бор гаплашганларидан кейин ҳам ўн йилдан ортиқ вақт ўтди. Иккови ҳам Усаманинг қарашлари, ғояларини мутлақо инкор этди.

Икковлон ўзларининг собиқ дўстлари ўлимидан хафа эканликларини айтишади.

Айниқса, Холид... унга кўра, Америка Усамани ҳибсга олиши ва агар буни уддалай олмаса, Усамани рисоладагидай тупроққа топширишга изн бериши керак эди.

"Улар Усаманинг жанозаси рисоладагидай ўқилганини видеога олиб кўрсатишлари мумкин эди... Жасадини тупроққа қўйиш лозим эди. Майли, қабрнинг қаердалигини айтишмаса ҳам... Агар шундай қилишса эди, ҳозиргидай баҳсу мунозаралар ўртага чиқмас эди".

Жамол Кашогий учун эса, Бин Лодиннинг ўлими Араб дунёсидаги инқилоблар манзарасига мутлақо ўтиришмайдиган бир воқеадир.

"Биласизми, Усама бин Лодиннинг ўлими унинг ташкилоти саналмиш "Ал Қоида" ва унинг ғояси ниҳоясига етган бир паллада рўй беришида қандайдир бир киноя бордай... Таҳрир хиёбонида "Ал-Қоида" ғояси барбор бўлди. Усама агар мўътадил бир йўлни танлаганида ўз оиласи ва тарафдорлари учун кўпроқ фойда келтирган бўларди".

Саудия Арабистони ҳукумати эса, Усаманинг ўлимига анчайин камтарона бир муносабат билдирди. Яъни, Усаманинг ўлими террорчиликни мавҳ қилиш йўлида халқаро ҳаракатларга ёрдам беришига умид билдирилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги воизи Генерал Мансур Султон Ал Туркийга кўра, Саудиянинг энг қўрқинчли фарзанди ўлимидан кейин ҳам подшоҳликка таъсири йўқолмайди.

"Усама бин Лодин ва "Ал-Қоида"нинг бошқа аъзолари яратган ғоя ўз тарафдорларига эга. Бу ғоя бутун мусулмон дунёсига тарқалди.

"Ал-Қоида"нинг террорчилик ҳаракатлари ортида ана шу ғоя туради. Шунинг учун, биз жамоатчиликни бу ғоядан огоҳ этишга бел боғлаганмиз", дейди Ички ишлар вазирлиги воизи.