Сўнгги янгиланиш 18 май 2011 - 13:53 GMT

Медведев президентлик сайловлари юзасидан 'тез орада' қарор олишини айтди

Россия Президенти Дмитрий Медведев қудратга келганидан буёнги энг йирик матбуот анжуманини ўтказди. Матбуот анжуманида 800 нафардан ортиқ хорижий ва маҳаллий журналистлар иштирок этишган.

Икки соатдан ортиқ давом этган матбуот йиғинида Медведев жаноблари навбатдаги президентлик сайловлари, коррупция, Россия ташқи ва ички сиёсатига оид қатор саволларга жавоб қайтарган.

Собиқ президент Владимир Путин ушбу йиллик матбуот анжумани анъанасини бошлаб берган. Бироқ уч йил муқаддам Медведев жаноблари вазифани қабул қилиб олганидан бери ушбу анъана тўхтаб қолганди.

Президентлик сайловлари борасидаги савол очиқ қолди

Матбуот анжуманида кўпчиликка тинчлик бермаган асосий савол - Медведевнинг янги президентлик сайловида қатнашиши ё қатнашмаслиги яна жавобсиз қолдирилди.

Президент бу саволга жавоб беришнинг вақти соати ҳали етмагани, бироқ қарор тез орада қабул қилинишини билдирди.

Медведев жаноблари президентлик сайловларига қатнашган тақдирда олдин номзодини илгари сурган партияларга суянишини айтди.

Журналистлар Владимир Путин ва жаноб Медведев ўртасидаги муносабатларга қизиқишди.

Дмитрий Медведев Путин жаноблари билан ҳамфикр экани, бироқ ҳамма масалаларда ҳам якдил эмасликларига ишора қилди.

Жаноб Медведев президент сифатидаги 3 йиллик фаолияти даврида Россиянинг хом ашёга қарам бўлиб қолгани ва россияликлар турмуш шароитларини тубдан яхшилай олмаганини ўзининг асосий хатоларидан бири сифатида тилга олди.

Айни вақтда Президентнинг бугунги ва охирги пайтлардаги чиқишлари ортидан Дмитрий Медведев 2012 йил март ойига режаланган сайловларга номзодини қўйиши борасида гап-сўзлар кучайган.

Ташқи сиёсат

Давлат раҳбари Россия ташқи сиёсатига доир берилган саволларга батафсил тўхталди.

Жумладан, Медведев АҚШ ва Оврўпо давлатларига қараганда, Хитой ва Россия муносабатлари анчайин фаол эканлигини урғулади.

Бу икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш кўлами 60 миллиард долларга етгани алоҳида қайд этилди.

Медведев Сурия масаласида гапираркан, агар БМТ Сурия борасида ҳам Ливияга нисбатан қабул қилинган резолюцияга ўхшаш ҳужжат қабул қиладиган бўлса, Москва уни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади.

Собиқ Шўро давлатлари орасида Президент Россия ва Украина муносабатларига тўхталди.

Россия Украинанинг Оврўпо билан интеграциялашувига қарши эмаслиги, бироқ Киев бу масалада аниқ бир тўхтамга келиши лозимлигини таъкидлади.

Медведев Украинанинг Оврўпо билан интеграциялашувга интилишини "икки кемани бошини тутиш" сифатида таърифлади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.