Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан истеъфо берди

Доминик Стросс-Кан Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Доминик Стросс-Кан шанба куни Парижга парвоз қилишга тайёрланаётган учоқдан тушириб қолдирилганди

Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан жинсий зўрлашга уриниш айбловлари билан ҳибсга олиниши ортидан вазифасидан истеъфо берган.

Стросс-Кан жаноблари эълон қилган баёнотда айтилишича, у "зудлик билан" лавозимидан кетаётгани ҳақида жамғарма бошқарув ҳайъатига маълум қилган.

"Чексиз қайғу ва мажбурият билан мен Бошқарув Ҳайъатига Халқаро Валюта жамғармаси раҳбарилик вазифамдан истеъфо беришим ҳақида маълум қилдим", дейилади жаноб Стросс-Кан чиқарган баёнотда.

62 ёшли Доминик Стросс-Кан Нью Йоркдаги меҳмонхона ходимасини жинсий зўрлашга уринишда айбланади.

"Мен ҳозир аввало, ҳамма нарсадан азиз кўрадиган рафиқам, болаларим, оилам, дўстларимни ўйлаяпман. Шунингдек, жамғармадаги ҳамкасбларим хаёлимда, ўтган уч ва ундан кўпроқ йил давомида биз биргаликда жуда ажойиб ишларни амалга оширгандик", дейди Доминик Стросс-Кан ўз баёнотида.

У яна бир бор ўзига қўйилаётган жиноий айбловларни қатъиян рад этган.

"Барчага айтмоқчи бўлганим - мен имкон қадар қатъий бир шаклда ўзимга қарши айбловларни рад этаман. Мен ўзим фахр ва садоқат билан хизмат қилган ташкилотни ҳимоя қилишни истайман ва айниқса, айниқса, мен бор кучим, вақтим ҳамда қувватимни ўзимни гуноҳсизлигимни исботлашга бағишламоқчиман", дейилади Доминик Стросс-Кан эълон қилган баёнотда.

Нью Йоркдаги Рикерс-Айленд деб номланган қаттиқ тартибди қамоқхонада сақланаётган Стросс-Кан жаноблари яна бир бор гаров пули эвазига озодликка чиқиш учун ҳаракат қилиши кутилмоқда.

Ўз ўрнида Халқаро Валюта жамғармаси Доминик Стросс-Каннинг ўрнига тайинланадиган янги раҳбарни "яқин келажакда" эълон қилишини маълум қилган.

Шанба куни Стросс-Кан ҳибс қилинганидан бери ташкилот назоратини директор ўринбосари Жон Липски вақтинча қўлга олганди.

Би-би-сининг Париждаги мухбирига кўра, Доминик Стросс-Канга вазифасини топшириш юзасидан ҳам ички ва ҳам ташқи босимлар ўсиб бораётганди.

Қўшма Штатлар Молия вазири Тимоти Гайтнер истеъфога чиқиш борасидаги чақириқларга етакчилик қилди. Кейин ушбу чақириқларга Франциянинг иқтидордаги (UMP) Халқ ҳаракати иттифоқи партияси қўшилди.

Франция Социалистлар партияси фаолларидан ҳисобланган Доминик Стросс-Каннинг мамлакатда охирги пайтда ўтказилган омма фикрини ўрганиш тадқиқотларида жорий Президент Николя Саркозидан машҳур экани аён бўлган.

Кўплаб таҳлилчилар жаноб Стросс-Каннинг 2012 йилга мўлжалланган Франциядаги президентлик сайловига ўз номзодини илгари суриши мумкинлигини билдиргандилар.