Гуржи мухолифати Саакашвили истеъфоси талаби билан норозилик амалиётлари ўтказмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Гуржистон мухолифати Президент Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилиб пойтахт Тбилисида норозилик амалиётларини бошлаган.

Якшанбадан душанбага ўтар кечаси кўп сондаги намойишчилар тунни Тбилисидаги ҳукумат уйи биноси олдида ўтказганлар.

Норозилик тадбирлари Президент Михаил Саакашвилининг Можаристонга сафари пайти бошланган.

Мухолифат норозилик амалиётларини Михаил Саакашвили ўзи лавозимидан кетмагунча тўхтатмаслик қарорида эканини айтмоқда.

Якшанба куни Гуржи полицияси намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирадиган газ ва резина ўқлар қўллаган.

Полицияга кўра, намойишчилар полиция автомобилига ҳужум қилганлари учун бундай чорага кўл урилган, бир неча намойишчи ҳибсга олинган.

25 май куни Гуржистонда "Ғазаб куни" белгиланган.

Буни мухолифат Гуржи инқилоби кунига айлантириш ниятида.

Намойишчилар инглиз ва гуржи тилларида "Тинч кет" ёзувларини осганлар.

Илк намойиш шанба куни ўтказилган, мухбирларнинг хабар қилишича, Тбилиси кўчаларига олти минг атрофида намойишчи чиққан.

Норозилик тадбирлари якшанба куни ҳам давом этган, бироқ намойишчиларнинг сони дастлабки кундагига қараганда кам бўлган.

Гуржистон расмийлари норозилик тадбирлари тинч ўтса, бунга қаршилик қилмасликларини айтганлар.