Толибон Мулла Умарнинг ўлдирилгани хабарини рад этди

Image caption Мулла Умар ўлдирилгани ҳақидаги хабарни Афғонистондаги истиғборот хизматидаги манба маълум қилган

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўзининг раҳбари Мулла Умар ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни "қуруқ ташвиқот" деб атади.

Олдинроқ Афғонистон истиғборот хизматларидаги манба Мулла Умарнинг Покистонда ўлдирилгани ҳақида хабар қилган эди.

Афғонистон Толибони сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид, "бу қуруқ ташвиқот. Бунинг умуман имкони йўқ", деб айтган.

Толибон воизи сўзларига кўра, Мулла Умар Афғонистонда ва "мужоҳидларга етакчилик қилаяпти".

"Франс Пресс" ахборот агентлигига телефон воситасида гапирган Покистондаги Толибон ҳаракат сўзчиси Эҳсонуллоҳ Эҳсон ҳам бу хабарни рад этган, Мулла Умар "хавфсиз жойда", деб айтган.

"Унинг ўлдирилгани ҳақидаги янгиликлар ҳақиқат эмас. Бу ахборот Толибонни кучсизлантириш мақсадида тарқатилаяпти", дея қўшимча қилган Эҳсонуллоҳ Эҳсон.

Усама бин Лодинга қарши ўтказилган махсус амалиёт муваффақиятли тугаганидан кейин Қўшма Штатлар Толибон раҳбари Мулла Умарга қарши шундай амалиёт уюштириши мумкин деган хабарлар тарқалган.

Президент Барак Обама террорчилик хуружларининг олдини олиш мақсадида яна шундай амалиётни такрорлаши мумкинлиги ҳақида айтган.

Айни пайтда Мулла Умар ўн кундан ортиқ вақтдан буён ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Мулла Умар Покистоннинг жанубий ҳудудлари - Кветта ёки Карочи атрофида бекинаяпти деб кўрилади.

Афғон манбасига кўра, Мулла Умар Кветтадан Шимолий Вазиристонга бораётган пайтида отиб ўлдирилган.

Афғонистонга қўшни Шимолий Вазиристон ҳудудлари қавм ҳудудлари бўлиб, аксар жангарилар бу жойлардан бошпана топганлар ва АҚШ, НАТО қўшинлари жангариларга қарши ҳужумлар уюштиришади.

Покистон исғборот хизмати расмийси Мулла Умар ўлдирилгани ҳақидаги хабар тўғрилиги тасдиқламасликларини айтган.

Афғонистон раҳбарияти Покистон жосуслик хизматларини исёнкорларнинг Афғонистон ҳудудида халқаро ҳамда Афғон қўшинларига қарши жангларида кўмак кўрсатаётганликда айблаб келади.

Усама бин Лодиннинг Исломободга яқин Абботободда ўлдирилганидан кейин мамлакат жосуслик хизматлари унинг қаерда яширинаётганини билганлар, деб кўрилаяпти ва Покистон раҳбарияти босим остида қолган.

АҚШ ва НАТО расмийлари Мулла Умарнинг ўлдирилгани ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидаги хабарлардан билганларини, буни тасдиқлаш ёки рад этиш учун ўзларида маълумот йўқлигини айтганлар.

Мулла Умар 1990 йилларда Афғонистонда қаттиқ Исломий давлат барпо этган Толибон раҳбари деб кўрилади, у Шўролар Иттифоқининг Афғонистон ишғолига қарши жангларда бир кўзидан ажралгани айтилади.

Мулла Умар "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Лодинга Афғонистонда бошпана берган, бу эса 2001 йилдаги АҚШ бошчилигидаги қўшинларнинг Афғонистонга ҳужумларни бошлашига сабаб бўлган.

Америка Қўшма Штатлари Мулла Умарни тутиш учун 10 миллион доллар мукофот пули ваъда қилган.

Тез-тез видео ёки аудио мурожаатлари билан оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлиб турган Усама бин Лодиндан фарқли ўлароқ, Мулла Умарнинг камдан-кам баёнотлари эълон этилган.