Қўшма Штатларни Толибон билан музокараларга нима ундамоқда?

Толиблар

Ғарб матбуотида АҚШ Толибон билан яширин музокаралар олиб бораётгани ҳақида қатор мақолалар босилган.

Айтилишича, АҚШ давлат департаменти вакиллари Олмония ва Қатар воситачилигида "Толибон" ҳаракати раҳбари Мулла Умарнинг яқинлари билан учрашган.

Ўз навбатда Вашингтон расмийлари музокаралар ҳақидаги хабарни на рад этишган ва на тасдиқлашган ҳам.

Ўтган йилнинг ёзида Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай қавм ва қабила оқсоқоллари иштирокидаги тинчлик жиргасида қилган чиқишида, мамлакатдаги барча кучларни, жумладан, Толибон жангариларини миллий ярашувга чақирди.

Ҳомид Карзайнинг толиблар билан музокара бошлаш чақириғи то шу пайтгача Вашингтон расмийларининг кескин танқидига учраганди.

Бугунга келиб нима учун Қўшма Штатлар Толибон ҳаракати билан музокара бошлашга интилмоқда? Биз ушбу савол билан Москва Давлат ташқи алоқалар институти доценти, афғоншунос олим Юрий Лалетинга мурожат қилдик. Юрий Лалетин: Америка раҳбарияти зиммасига Афғонистондан қўшинларни чиқариш вазифаси қўйилган. Шу боис, Вашингтон у ердаги вазиятни бир мунча яхшилашга уринмоқда. Бунинг ягона йўли толиблар билан музокора олиб боришдир. Америка толиблар билан анча олдин, 2007 йилда Саудия Арабистони воситачилигида музокара бошлагани ҳақида хабар берилганди. Ўша пайтдан фарқли ўлароқ, ҳозирги музокаралар ўта долзарблиги билан фарқ қилади. Президент Барак Обама учун янги президентлик сайловлари арафасида нуфузини орттириш жуда зарур. Бундан чамаси 2 йилча олдин Президент Карзай, толиблар раҳбари Мулла Умарга Афғон хукуматидан юқори вазифа таклиф этганди. Бироқ, ўшанда музокоралар натижасиз якунланди.

Би-би-си: Ғарб матбуотида босилган мақолаларга кўра, расмий Вашингтон Толибонга зўравонликларга чек қўйиш, Афғонистон конституциясини тан олиш ва "Ал Қоида" ташкилоти билан алоқаларни узиш шартини олдинга сурган. Толибон ҳаракати Вашингтон талабларига рози бўлиши мумкинми?

Юрий Лалетин: Мен бунга шубҳаланаман. Чунки, толиблар ҳозир ўз кучларига ишонишади. Улар хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этиш тараддудида эканлигием яхши биладилар. Яна Толибон, токи хорижий қўшинлар мамлакатдан чиқарилмас экан, ҳеч қандай муроса ҳақида сўз бормаслигини таъкидлаб келади. Бундан ташқари, улар Афғонистонда шариат асосида тузилган конституция тан олинишини талаб қилишади. Шунинг учун ҳам, ҳар икки томон қўяётган талаблар бир - бирига зид. Бундай шароитда музокаралар натижа беради, дейиш жуда мушкул.

Би-би-си: Томонлар талаблари бир-бирига жуда қарама қарши бўлса, унда музокаралардан мақсад нима?

Юрий Лалетин: Мақсад имкон қадар кўпроқ Толибон аъзоларини марказий ҳокимият томонига оғдиришдир. Чунки, Толибон ҳаракати турли-туман қарашга эга груҳлардан иборат. Афғонистон ва АҚШ расмийлари, музокоралар натижасида мўътадил Толибон аъзоларини радикал кучлардан ажратишга умид қилишади. Ана шу йўл билан Толибон кучларининг бир қисмини ҳукумат томонига оғдириш мумкин, деб ўйлашади. Бундан тақрибан 150 йил олдин иккинчи Англия-Афғонистон урушидан сўнг, инглизлар Афғонлар орасида ягона лидерни топишга муваффақ бўлишганди. Ўша пайт инглизлар воситачилигида имзоланган сулҳнома Абдураҳмонхонни ҳокимият теппасига келишига йўл очди. Абдураҳмонхон узоқ йил Афғонистонни бошқариб келди. Афсуски, бугунги кунда афғонлар орасида барча томонларни қониқтирувчи бундай миллий лидер йўқ. Ва бу америкаликлар учун ўта мураккаб масаладир.

Би-би-си: Шу кунларда Россия ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда "Кобулнинг Толибон билан музокарага бориши биринчи навбатда Афғонистон ички иши ва Кобул ушбу масалада БМТ ёрдамига суяниши лозимлиги урғуланган. Сизнинг фикрингизча, Вашингтон ва Толибон мулоқотида Москванинг роли қандай бўлиши мумкин?

Юрий Лалетин: Сўнгги баёнотда Москва мавқеи толиблар масаласида бир оз юмшагандек кўринади. Шу кунгача Москва БМТнинг "қора рўйхати"га киритилган Толибон аъзолари билан ҳеч қандай музокара бўлмаслигини таъкидлаб келарди. Менинг фикримча, Россия Афғонистонда тинчликни ўрнатиш жараёнига фаолроқ иштирок этишни истайди. Бунинг учун, Москва етарли имкониятга эга.