Кремль: Россиядан Ливияда воситачилик қилиш сўралмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кремлнинг айтишича, Йирик Саккизлик мамлакатлари ва Муаммар Қаддофий маъмурияти Москвадан Ливия можаросини ҳал қилишда воситачи бўлишни сўрашмоқда.

Лекин АҚШ ва Буюк Британия вакиллари Франциянинг Довил шаҳрида ўтган музокараларда гап Россиянинг воситачилиги эмас, балки умуман Ливиядаги аҳвол ҳақида кетганини айтишди.

Икки ойдирки Қаддофий кучлари ва мухолифат ўртасида жанг давом этайтган Ливиядаги вазиятни нормаллаштириш учун Москвадан ёрдам сўралгани ҳақида Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг матбуот котиби Наталья Тимакова баён қилди.

«Деярли ҳар бир икки томонлама учрашувларда шундай илтимос янгради», деди у Йирик Саккизлик саммитининг биринчи куни борасида гапира туриб.

Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров, ўз навбатида, Ливия Бош Вазири Бағдодий Али Маҳмудий ҳам шундай илтимос билан Россияга мурожаат қилганини айтди.

«Триполи вакили отишкесим борасидаги келишув ва шартларсиз музокараларни бошлашга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди», деди Лавров жаноблари.

Аммо, саммитда нутқ сўзлаган Британия Бош Вазири Девид Камерон Ливиядаги НАТО амалиётлари учун тўртта британ тикучари сафарбар этилишини билдирди. Аввалроқ Франция ҳам ўз тикучарлари Ливияга жўнатилиши ҳақида эълон қилганди.

Айни дамда саммитда чиқиш қилган Франция Президенти Николя Саркози Ливия лидери учун ҳозирча «барча вариантлар» очиқ эканини айтди.

«Биз Қаддофий қувғин бўлсин деб айтаётганимиз йўқ. У ҳукуматдан кетиши керак. У буни қанча эрта амалга оширса, олдида шунча кўп танлов бўлади», деди Саркози журналистларга.

Россиянинг «Коммерсант» газетасининг Медведев ва Обама музокараларига яқин бўлган манбасига кўра, АҚШ Россиядан Қаддофийни агар ҳокимиятни топширса, жони омон қолиши ва ҳаёти кафолатланишига ишонтиришни сўрамоқчи.

Лекин айни манбага кўра, бу таклифни Москва амалга ошириш мумкин бўлган таклиф деб кўрмаяпти.

Би-би-сининг дипломатик мухбири Бриджит Кендаллга кўра, бошиданоқ Россия президенти Ливияга қарши ҳаводан ҳужумлар қилинишига қарши чиқиб келган, лекин энди можарони ҳал қилиш йўлида воситачиликни таклиф қилиши мумкин.

АҚШ ва Буюк Британиянинг расмий вакиллари эса саммитда ҳеч қандай аниқ қадамлар муҳокама этилмаганини журналистларга хабар қилишди.

Буюк Британия бош вазири эса Кремлнинг баёнотига муносабат билдира туриб, воситачилик ҳақида мутлақо гап кетмаганини айтди.