Сўров: Шахсий бизнесингизни очишга кўзингиз етадими?

Image caption Янги сўров натижаларидан аён бўлишича, аксарият россияликларнинг ўз шахсий бизнесларини очишларига кўзлари етмайди

Би-би-си Жаҳон Хизматининг буюртмаси асосида ўтказилган янги сўров натижасидан аён бўлишича, дунёнинг аксарият давлатлари билан солиштирганда, россияликлар ўз шахсий бизнесларини очишга энг кам кўзлари етган халқ бўлиб чиқишган.

Индонезия, АҚШ, Канада, Ҳиндистон ва Австралияликлар эса, ўз кучларига ниҳоятда ишонганлар қаторидан жой олишган.

Сўров GlobeScan ширкати томонидан дунёнинг 24 давлатида олиб борилган.

Ўз мамлакатларида новаторлик ва яратувчанлик қадрланишини қайд этганларнинг сони бўйича Индонезия сўров ўтказилган қолган барча давлатларни ортда қолдириб кетган.

Некбин фикрда бўлган индонезияликларнинг сони ўзиям 85 фоизни ташкил этган.

Рўйхатда Индонезиядан кейинги ўринни 75 фоизлик ижобий натижа билан АҚШ ва Хитой эгаллаган.

Шахсий бизнесларини очиш имкониятларини салбий баҳолаганлар рўйхатида Туркия(24%) ва Россия(26%) энг қўйи ўринларда келишган.

Сўров Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Гана, Олмония, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Испания, Италия, Канада, Кения, Хитой, Колумбия, Мексика, Нигерия, Покистан, Перу, Россия, АҚШ, Туркия, Филиппин, Франция и Эквадорда ўтказилган.

Ўтган йилнинг июн ойидан сентябр ойигача жаъми 24.537 та одам сўралган.

Лекин умуман олиб қараладиган бўлса, сўров ўтказилган барча давлатларда ўз шахсий бизнесларини очиш қийинлигини айтганларнинг сони кўпчиликни ташкил этган.

Ҳатто, иқтисодий ўсиш суръатлари юқори бўлган Бразилия(84%), Хитой(76%) ва Ҳиндистон(72%) каби дунёнинг иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бораётган мамлакатларидан ҳам шундай натижа олинган.

"Қачондир ўз шахсий бизнесингизни очиш орзусида бўлганмисиз?" деган саволга ижобий жавоб берганлар рўйхатида ҳам Россия энг сўнгги ўринни эгаллаган.

Бор-йўғи 27 фоиз иштирокчи, "Ҳа," деб жавоб берган бўлса, қарийб 70 фоизи бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганликларини айтишган.

Шу каби орзу-хаёлда бўлганларнинг сони бўйича Африка ва Лотин Америкасидаги Нигерия, Кения ва Перу каби қашшоқ давлатлар пешқадамлик қилишган.