ФИФАнинг ҳомийлари ташкилотдаги можаро сабаб хавотир билдиришмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Можаронинг янада авж олиши Зепп Блаттерни Цюрихда махсус матбуот анжумани чақиришга ундади

Халқаро Футбол Федерацияси ассоциациясининг йирик ҳомийлари бўлган Coca-Cola ва Adidas баёнотларига кўра, ФИФА раҳбариятидаги вазият ҳам ташкилот ва ҳам спорт обрўсига путур етказади.

Бироқ бирор бир ташкилот жаҳон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлигини тўхтатиш ниятини билдирмаган.

ФИФА ўзининг ҳомийлари билан тузган шартномалари асосида улардан юзлаб миллион доллар олади.

Бугунга келиб ташкилотнинг узоқ вақтдан буён дастаклаб келаётган йирик молиявий дастакловчилари футбол ассоциациясидаги коррупция айбловларида борасида хавотирларини изҳор этдилар.

Coca-cola тарқатган баёнотда айтилишича, бу айбловлар "ташвишланарли ва спорт учун ёмон".

Adidas ҳам баёнот эълон қилган, унда "салбий овозалар на футбол учун, на ФИФА ва на унинг ҳамкорлари учун яхши" дейилади.

ФИФА президенти Зепп Блаттер ташкилот инқирозда эканини рад этди, бироқ коррупция айбловлари ташкилот "обрўсига улкан зарар етказганини" тан олган.

ФИФА президентлиги сайлови 1 июнга мўлжалланган.

Сайлов арафасида можаро янада кучайди.

Бунга ФИФА виц-президенти Жек Уорнер эълон қилган ва ташкилот раҳбарлигига ўз номзодини қўйган Муҳаммад бин Ҳаммам айбланган электрон мактуб сабаб бўлган.

Шу муносабат билан Цюрихдаги ФИФА қароргоҳида матбуот анжумани ташкил этган Зепп Блаттер сайловни ортга суриш ва 2022 йилдаги футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини ўтказиш бўйича овоз бериш натижаларини қайта кўриб чақириқларини рад этди.

Жанжал оловига мой қуйган мактуб

Жек Уорнер ошкор этган электрон мактубни ФИФА бош котиби Жером Валке ёзган ва Осиё Футбол конфедеренцияси раҳбари Муҳаммад бин Ҳаммамнинг ўз номзодини ФИФА президентлигига қўймоқчи бўлганини муҳокама қилган.

"МБҲ(Ҳаммам) масаласига келганда, мен унинг ўз номзодини нима учун илгари сурганини умуман тушунмайман. У ғалабага эриша оламан деб ўйлаганми ё бу унинг ЙЗБ(Блаттер)га шахсий нафратини изҳор этишнинг бир йўлимиди? Ёки у Қатар учун жаҳон чемпионатини сотиб олганидай ФИФАни ҳам сотиб ололаман, деб ўйлайдими?", деб ёзган Жером Валке.

Жером Валке бу хатни ёзганини тан олган, бироқ ўзининг охирги сўзларини "контекстдан узиб олинган", деб айтган.

Бундан ташқари, Жек Уорнер Зепп Блаттерни 1 миллион долларлик маблағни ўзбошимчалик билан бериб юборганлик ва ташкилотнинг Кариб ҳавзасидаги аъзо мамлакатлар вакилларига совғалар беришда айблаган.

1 июндаги сайловда фақат Зепп Блаттернинг номзоди қолди, у ФИФАнинг ахлоқий қўмитаси ўзига қарши билдирилган айбловларни кўриб чиқмасликка қарор қилганини айтди.

Зепп Блаттер сўзларига кўра, Халқаро футбол федерацияси юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал эта олади.

"Биз инқирозга тушганимиз йўқ. Биз фақат айрим муаммоларга дуч келганмиз ва буни оиланинг ичида ҳал қила оламиз", деган ФИФА раҳбари.

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас