Машиналар сони кўпайган Қозоғистонда йўл ҳалокати ҳодисалари ҳам кўп

Image caption Қозоқ автобус ҳайдовчилари орасида алкоголизм ва олигофрения билан оғриган кишилар борлиги аниқланган

Ҳар дақиқада автоҳалокат натижасида 12 одам ҳаётдан кўз юмади. 1,5 миллионга яқин одам ҳар йили айнан шу сабабдан ҳалок бўлади.

Иқтисоди тез ривожланаётган Қозоғистонда ҳам сўнгги ўн йилликда автомобилларнинг сони кескин ошган. Бу кўрсатгич билан бирга йўлда содир бўладиган автоҳалокатларнинг сони ҳам ортган.

Сўнгги йилларда ушбу кўрсатгичларда секин-секин пасайиш кузатилаётган бўлса-да, йўл транспорт ҳодисаси мамлакат учун асосий бош оғриқлардан бўлиб турибди.

Қозоғистонда сўнгги бир ҳафта давомида йўл транспорт ҳодисасида 62 одам ҳалок бўлиб 250га яқин киши тан жароҳати олди. Қозоғистон Ички Ишлар Вазирлиги қошидаги йўл полицияси қўмитаси матбуот котиби Ирина Луканинага кўра, бу одатий рақамдир.

"Бу рақам унча катта эмас. Қозоғистонда ҳар ҳафта содир бўладиган йўл ҳаракати ҳодисалари тахминан шунчани ташкил қилади", дейди Ирина Луканина.

Қозоғистонда иқтисод ўз ўзанига тушиб олгач, одамларда машинани кредитга олиш имкони пайдо бўлди. Эндиликда олис овулларда ҳам асосий транспорт воситаси бўлмиш эшак, от ва туялар ўз ўрнини замонавий автомобилларга бўшатиб берди.

Яъни машинага эга бўлиш қўл етмас орзу бўлмай қолди. Мисол учун, Олма-ота шаҳрида 1,5 миллион атрофида аҳоли яшаса, машиналарнинг сони ярим миллион эканлиги айтилади. Шаҳар кўчалари эса шўролар даврида кўпи билан 100 минг машинани ҳаракатлантиришга мослаб қурилган. Натижада йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳоллари ҳам кўпайди.

Гарчи Қозоғистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун йўловчиларни ҳам жавобгарликка тортиш жорий қилинган бўлсада, йўловчиларнинг кўп ҳолларда ушбу қоидаларга амал қилмайди.

Эътиборсизлик

Қозоғистонликлар ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва малакасизлиги ҳам ҳалокатларга сабаб бўлишини айтишади.

"Менимча, айнан ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги асосий сабаб. Чунки ҳозир техника кам панд беради, сабаби машиналар янгиланди. Йўллар ҳам секин-секин яхшиланмоқда. Асосийси инсоний омил. Эътиборсизлик, уқмаслик. Бунга қисқа ўқув курслари ва амалиёт камлиги сабаб бўлмоқда", дейди ўзи ҳайдовчи бўлган Иван Михаилов.

Шу йил бошидан буён 27 одам шаҳар автобуси уриб кетиши натижасида оғир жароҳатланган. Ўтган йили етти одам айнан автобус иштирокидаги йўл транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган.

Олма-оталик Борис Лининг айтишича шаҳарда айнан автобус ҳайдовчилари бошқа ҳайдовчиларга кўпроқ бошоғриқ туғдиради.

"Улар бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаб юришади. Ғарбда энг четдаги қаторга "bus" деб ёзиб қўйилади. Ҳамма автобуслар ўша қатордан юришади. Бизда эса истаган йўлидан юради ва ҳалокатли ҳолат туғдиришади", дейди Борис Ли.

Руҳий хаста ҳайдовчилар?

Яқинда Олма ота шаҳар прокуратураси айнан кўп шикоят қилинадиган 20та хусусий автобус паркида текширув ишларини бошлади. Маҳаллий телевидение орқали гапирган прокуратура ходими Қанат Байтиленовнинг айтишича, натижалар ёқа ушлайдиган даражада ёмон.

Назоратнинг сустлиги сабаб ҳайдовчиларнинг автобусни алкогол ичиб олиб ҳайдаш ҳоллари ва руҳий касалхона ёки наркодиспансерда рўйхатда турувчи одамларнинг ҳайдовчилик билан шуғулланиш ҳоллари учраган.

"Тўртинчи автобус парки ҳайдовчиси гиёҳванд моддасини истеъмол қилиб 28 одамни олиб кетаётганда ушланди. Алкоголизм ва олигофрения деган ташхислар билан ишлаган икки ҳайдовчи аниқланди", дейди Қанат Байтиленов.

Мутасаддилар йўл транспорт ҳодисаларини камайтириш борасида қаттиқ ҳаракат қилаётганини айтишади.

"Бизда ҳозир босқичма-босқич тезликни автоматик равишда аниқлайдиган ускуналар ўрнатилмоқда. Булар кечаю кундуз ёзиб олувчи камералар ва тезлик ўлчагич асбоблардир. Бундай ҳолатда қоидабузарни полиция иштирокисиз аниқласа бўлади. Электрон полиция олдида ҳамма тенг", дейди йўл полицияси қўмитаси матбуот котиби Ирина Луканина.

Танқидчиларга кўра, айнан йўл полицияси ходимларининг маоши камлиги йўлда коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлмоқда. Йирик жариманинг ўрнига полицияга бериладиган кичик пора қоидабузарларнинг жазосиз қолишига етакламоқда.