Сўнгги янгиланиш 2 июн 2011 - 10:44 GMT

БМТ экспертлари: наркотикларга қарши глобал уруш шикаст еди

Наркотикларнинг ёйилишига қарши глобал уруш шикаст еди.

Ушбу соҳадаги вазиятни баҳолаш учун БМТ томонидан ташкил этилган комиссиянинг янги ҳисоботи ана шундай хулоса чиқарди.

БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан, Мексика, Колумбия ва Бразилиянинг собиқ президентлари ва тадбиркор Ричард Брэнсонлар дохил 19 кишидан иборат глобал комиссия дунёда наркотикларнинг тарқалишига қарши кураш йўналишлари ҳақида аниқ таклифларни ишлаб чиқиши керак эди.

Комиссия аъзолари орасида АҚШ Федерал заҳираси собиқ раиси Пол Уолкер ва Юнонистоннинг жорий бош вазири Георгиу Папандреу ҳам бор.

Унга, шунингдек, Лотин америкалик таниқли ёзувчилар Карлос Фуэнтес ва Марио Варгас Лйоса, Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича собиқ комиссари Хавиер Солана ва АҚШ собиқ давлат котиби Жорж Шултс кирган.

Комиссия таклифлари жумласига баъзи наркотик моддаларни қонунийлаштириш ва бангиларни таъқиб этишни тўхтатиш киради.

Оқ Уй ушбу ҳисобот хулосаларини инкор этган ва уларни "хатоли" дея баҳолаган

Жиноий таъқиб самарали эмас

Комиссия ҳисоботида таъкидланишича, наркотикларнинг тарқалишига қарши уруш наркотиклар савдоси ва уюшган жиноятчиликни кучайтирган, солиқ тўловчиларига миллионлаб долларга тушган ва минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган.

Унда 1998 йилдан 2008 йилга қадар таркибида кўкнори бўлган моддаларни истеъмол қилиш 35% ва марихуанани истеъмол қилиш 8,5% га ошгани ҳақидаги БМТ маълумоти келтирилади.

Ҳисобот муаллифлари наркотикларнинг ёйилишига қарши кураш усуллари самарали деб ҳисобловчи ҳукуматларни танқид қилган.

"Сиёсатчилар ва жамоат арбоблари наркотикларга қарши куч воситасида кураш стратегияси бу муаммони еча олмаслигини ва бундай усул билан наркомания устидан ғалаба қилиб бўлмаслигини очиқ-ойдин эътироф этиш учун ўзларида куч ва матонат топишлари керак," - деб ёзилади ҳисоботда.

Комиссия айниқса АҚШни кескин танқид қилади.

Унга кўра, Америка ҳукумати ушбу соҳани жиноийлаштиришдан воз кечиши ҳамда инсонийлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга асосланган стратегияни қўллаши керак.

АҚШ ҳукуматининг наркотиклар савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Жил Керликовске ҳисобот хулосаларини рад этди.

"Наркомания - бу касаллик. Уни муваффақиятли бартараф этиш ва даволаш мумкин," - деб айтди Оқ Уй вакили.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.