Дунё янгиликлари қисқа сатрларда

Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ Санаадаги президент саройига ҳужум чоғида енгил жароҳат олган. Президентга яқин манбаларга кўра, у ҳозирда касалхонада даволанмоқда. Бошқа бир неча мулозим ҳам яраланган. Сано шаҳрида Президент Солиҳ қўшинлари билан қуроланган қабила вакиллари ўртасидаги жанглар тобора кучайиб бормоқда.

Босниядаги Серб армиясининг собиқ қўмондони Ратко Младич 1990 йиллардаги урушда геноцид содир этгани ҳақидаги айбловни рад этган. Гаагадаги уруш жиноятлари маҳкамасида биринчи марта ҳозир бўлган генерал Младич ўзига қўйилаётган, унинг ўзининг таъбирича, ёқимсиз айбловларни тушуниб олиши учун вақт керак. У ўз халқи ва мамлакатини ҳимоя қилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриядан келаётган хабарларга кўра эса бугун жума намозидан кейин бутун мамлакат бўйлаб аксилҳукумат намойишлари бўлиб ўтган. Ҳама шаҳрида намойишлар чоғида инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очган. Камида 25 киши қурбон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ироқдаги Тикрит шаҳри масжидида бомба портлаши оқибатида камида 15 инсон ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши яраланган. Хабарларга кўра, бу масжидга маҳаллий расмийлар тез-тез келиб турганлар. Тикрит Саддам Ҳусайн туғилган шаҳар, унинг кўплаб қариндошлари ва собиқ иттифоқчилари бу шаҳарда истиқомат қилишади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан айтишларича, шу ҳафта бошида ливияликлар ўтирган кема Тунис соҳилларида чўкиб кетгани оқибатида камида 150 инсон ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олмониядаги тиббий мулозимларга кўра, Эшерих таёқчаси ёки ўткир ичак инфекциясини юқтиргани аниқланган одамлар сони 1700 дан ошган, бу касаллик шу пайтгача Оврўпо мамлакатларида қарийб 20 кишининг умрига зомин бўлди.

Россиянинг Удмуртиясида қурол-аслаҳа омборида портлашлар рўй берган. Ён-атрофда яшайдиган қарийб 30 минг киши кўчирилган. Россия расмийларига кўра, портлашлар икки инсоннинг умрига зомин бўлган, 55 киши жароҳатланган. Расмийлар ҳарбий омбордаги портлашлар яна бир кеча-кундуз давом этиши мумкинлигини айтишган.