Россия: Урал ғарбида жойлашган ҳарбий омборхонага ўт кетди

ёнғин Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Пайшанба оқшомида Урал минтақаси ғарбида жойлашган Удмуртиянинг 102-қурол-яроқ омборхонасига ўт кетиши ва омборхонадаги ўқ-дориларнинг портлаши ортидан атроф ҳудудлардан 30 минг одам хавфсиз жойларга кўчирилган.

Удмуртия Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотга кўра, икки одам ҳалок бўлган.

Жабр кўрганларнинг умумий сони 45 одамни ташкил этган, улардан 18 нафари шифохонага ётқизилган.

Ёнғин натижасида юзлаб уйларнинг зарар кўргани хабар қилинади.

Россия телевидениеси виде лавҳасида қурол-яроқ омборхонасида юз берган портлаш ортидан ўт ичида қолган ҳарбий база намойиш этилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус бўлинмалари ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Қутқарувчилар учоқлар ва тикучарлардан фойдаланишмоқда

Ёнғин юз берган жойда икки робот ишламоқда: бири ёнғинни ўчириш, иккинчиси миналарни зарарсизлантириш билан шуғулланмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги ахборот департаменти бошлиғи сўзларига кўра, ҳозирга келиб, портлашлар суръати анча сустлашган.

Портлашлар туфайли темир ва автомобил йўллари беркитилган.

Ҳарбийлар сўзларига кўра, омборда идора этилмайдиган "Град" русумли ракета снарядлари ва ўқ-дорилар сақланган.

Мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, омборхонадаги ракеталар зарарсизлантирилган.

Баъзи хабарларга кўра, ёнғин ташландиқ сигаретдан ўт олган бўлиши мумкин.

Россияда бир ҳафта ичида иккинчи ҳарбий қурол-яроқ омборига ўт кетмоқда.

Май ойи охирида Бошқиртистондаги ҳарбий базада порлаш юз берганди.