Жанубий Вазиристонда жангарилар етакчиларидан бири ўлдирилди

Илёс Кашмирий Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Илёс Кашмирий "Ҳаракатул Жиҳод Исломий" экстремистик ташкилот раҳбари бўлган

Покистон расмийларига кўра, Американинг учувчисиз учоқлари ҳужумида жангарилар энг таниқли етакчиларидан бири ўлдирилган.

Айтилишича, Илёс Кашмирий ўтган тун Жанубий Вазиристон минтақасида амалга оширилган ҳужумда ҳалок этилган.

Ҳодисада 9 киши ҳаётдан кўз юмганига ишонилади. Илёс Кашмирий "Ал Қоида" билан яқин алоқада дейилган "Ҳаракатул Жиҳод Исломий" экстремистик ташкилот раҳбари бўлган. Ташкилот Покистонда тақиқланган.

Қўшма Штатлар уни Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда амалга оширилган қатор ҳужумлар ортида турганликда айблайди ва унинг боши учун 5 миллион доллар мукофот таклиф қилганди.

Исломободдаги Би-би-си мухбири Илёс Хонга кўра, Усама бин Лодин ўлдирилишидан бир ойгина ўтиб, Кашмирийнинг ҳам ҳалок этилиши "Ал Қоида" ва Толибон учун йирик зарбадир. Айни пайтда "қора рўйхат"даги шахслар бекиниш учун хавфсиз жой топишлари мушкуллашиб бораётганини ҳам кўрсатади.

'Ҳужум уюштирилган пайт жангарилар чой ичишаётган бўлган'

Учувчисиз учоқлар воситасида амалга оширилган ҳужумларда ўлдирилганлар кимлар эканини мустақил манбалардан тасдиқлаш қарийб имконсиз. Афғонистон билан чегарадаги қавм ҳудудларига матбуот ходимлари боришлари қаттиқ чекланган.

Покистон жосуслик хизмати расмийлари 2009 йил сентябрида Шимолий Вазиристонда АҚШ учувчисиз учоқлари амалга оширган ҳужумда Илёс Кашмирий ўлдирилганини даъво қилишган, бироқ кейин бу маълумотлар хато бўлиб чиққанди.

Маҳаллий одамлар ва гувоҳларнинг Би-би-си Урду Хизматига билдиришларича, жангарилар Жанубий Вазиристон маркази Вана жануби-шарқидаги Ламан қишлоғи атрофидаги ҳудудларга яқиндагина кўчиб ўтишган. Айтилишича, ҳужум уюштирилган пайт Кашмирий ва унинг одамлари олмазор ичида чой ичиб ўтиришган бўлган.

Маҳаллий кишиларга кўра, икки ракета бир неча сониялик танаффус билан отилган.

Номини ошкор қилмаган Покистон расмийси кейинроқ Би-би-сига ўлдирилганлар орасида Кашмирий борлигини тасдиқлаган.

"Ҳаракатул Жиҳод Исломий" экстремистик ташкилот раҳбари бўлган Илёс Кашмирий қатор ҳужумларни, жумладан, яқинда Карачи денгизчи кучлар базасига қарши амалиётни уюштирганликда айбланади.

Шунингдек, у уч йил бурунги Мумбай ҳужумлари ортида турганлардан бири экани ва Оврўпо ва Қўшма Штатларга ҳужумларни режалаганликда гумон қилинади.