Шимолий Афғонистон осмонида қора булутлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Генерал Довуд хотирланди

Шимол бир пайтлар Афғонистоннинг энг осойишта қисми ҳисобланарди. Аммо, сўнгги пайтларда кузатилган ҳужумлар, худкушлик амаллари ва юқори мартабали расмийлар жонига суиқасдлар вазият абгорлашаётганини кўрсатади. Буларнинг бари НАТО июл ойидан мамлакатнинг айрим қисмлари хавфсизлик масъулиятини афғон кучларига топширишга ҳозирланаётган пайтда кузатилмоқда. Би-би-си мухбири Билол Сарварий хабар қилади.

Ўтган ҳафта Фархарда Толибоннинг ашаддий мухолифларидан бири хотирасига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Генерал Довуд Довуд Таҳор вилояти полиция кучлари раҳбари билан бирга Толибон бомба ҳужумида ҳалок бўлганди.

Довуд Довуд Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг мамлакат шимолидаги энг юқори мартабали генерали эди. У НАТОнинг хавфсизлик назоратини маҳаллий кучларга топшириш режаси амалга тадбиғида асосий рол ўйнаётганди. Генерал ўз мамлакатида кечаётган зиддиятларни яхши тушунарди.

Хотира тадбири қайғули кайфият остида ўтди.

Маросимга аҳолининг турли қатламларидан бўлган юзлаб азадорлар келишганди. Улар шимолда нотинчликнинг кучайиб бораётганидан хавотирда эдилар.

'Толибон қайтмоқда'

"Толибон худди ёввойи ёнғиндек шиддат билан ёйилмоқда", дейди қўшни Қундуз вилоятидан келган Муҳаммад Жон ғазаб билан.

"Шимоли-шарқий Бағлон вилоятидан Қундуз орқали Таҳорга сафар қилиб кўринг. Сизга Толибон пистирмаси кафолатланган", дейди у.

Ушбу уч вилоятнинг барчаси ўтган қишда Толибон ва "Ал Қоида" исёнкорларидан тозаланганди. Аммо, хавфсизлик расмийларидан бирига кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Ҳаққоний жангарилар тармоғи ва Толибон яна қайтиб келган.

Генерал Довуд буни башорат қилганди. Ўтган йил тозалаш амалиётлари пайти у: "Бир неча ой ичида об-ҳаво илийди ва атроф кўкаламзорлашади. Толибон қайтиб келади", дея огоҳлантирганди.

Афғонистон жосуслик хизмати расмийлари "Ал Қоида" шимолни беқарорлаштиришни истаётганини айтишади.

Марказий Осиёнинг Тожикистон давлати орқали Қундуз ва Бағлонга келувчи НАТО таъминот йўли аллақачон ҳужум остида.

Шимоли-ғарбдаги чекка Фарёб вилоятида Толибон ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги кечган тўқнашувлар туфайли эса, минглаб инсонлар бошпанасиз қолишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мазори Шариф

Балх вилояти маркази Мазори Шариф шаҳри хавфсизлик масъулиятини июл ойида афғон кучларига топшириш режаси йил бошларида Президент Карзай тарафидан эълон қилинганди.

Генерал Довуд Афғонистон шимолидаги Толибон билан ҳисоб-китоб қилишга аҳд қилган, аммо мушкулотлар борлиги аниқ эди.

Ўтган ойнинг ўзида у "Мазори Шарифда 60,000 ўқ-дори ва 500дан ортиқ қурол" қўлга критилганини маълум қилганди.

У шимолий минтақалардаги исёнкорларга қарши кураш учун қўшимча кучлар, ҳаводан дастак ва ё қурол-яроғлар илинжида бўлган туман ҳокимлари, полиция кучлари қўмондонлари ва бошқа расмийлар билан яқин алоқада эди.

1 апрел куни нисбатан тинч саналган Мазори Шарифдаги БМТ идораси ходимлари нишонга олинаркан, хавфсизликнинг абгорлашаётгани бутун дунёга ошкор бўлди.

Ғалаёнлар Қўшма Штатларда бир руҳонийнинг Қуръони Карим нусхасини ёқиши ортидан бошланиб кетганди. Ғазабнок оламон БМТ идорасига ҳужум қилиб, ходимларни ўлдирди. Кўплар бу ҳужумлар ортида жангарилар турганига ишонадилар.

Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс январ ойида Мазори Шарифга сафари чоғи шаҳарни "мутлақо таҳдидсиз" дея таърифлаганди.

Бир неча ойгина ўтиб, БМТ идорасига қилинган ҳужум эса, даҳшатли ҳодиса бўлди.

Бироқ, Балх вилояти Толибон ва бошқа жангари гуруҳлар кучайишига ҳам гувоҳ бўлмоқда. Улар Балхнинг қатор осойишта ҳудудларида зўравонлик амалиётлари уюштирмоқдалар.

'Қуртнинг уяси'

"Чинни синса, уни ҳеч қачон ўзидай қайта таъмирлай олмайсиз", дейди 62 ёшли Муҳаммад Ёсин ҳужумлар туфайли Мазори Шарифга етган зиёнга ишора қиларкан. У шаҳарга кўп йиллар олдин Туркманистондан келиб, кичкинагина гилам дўконини очганди.

"Бу ер Афғонистондаги одамлар бехавотир, эркин юриши мумкин бўлган жой эди. Аммо, энди бундай эмас", дейди у.

Мазори Шариф маҳаллий бизнеслар учун яхши жой бўлиши билан бирга хорижийларни ҳам ўзига жалб этган. Ўзбек чегараси оша савдо-сотиқ яхшигина даромад келтиради.

Шаҳар иқтисоди гуркираётганини йўллар асфалтлангани, истироҳат боғлари, уй-жойлар ва қурилаётган иншоотлар намойиш этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Аммо, маҳаллий одамлар ҳукуматнинг зўравонликларни, афтидан, назорат қила олмаётганидан хавотир билдиришади.

"Хавфсизлик бўлмаса, савдо ҳам бўлмайди", дейди маҳаллий савдогарлардан бири. У Афғонистон шимолида Толибоннинг пайдо бўлишини паразит қуртнинг уясига ўхшатади.

"Бир жойда Толибон пайдо бўлдими бас, улар тез орада барча жойга тарқалади", дейди у.

Расмийлар эса, исёнкорликни жиловлаш учун қўлларидан келган барча ишни қилаётганларини айтишади.

"Биз ғарблик иттифоқчиларимиз билан қўшма амалиётлар бошладик ва ўнлаб Толибон қўмондонлари, улар тайинлаган туман ҳокимлари ва бошқа расмийларини ўлдирдик", дейди Афғонистон махсус кучлари зобити.

Генерал Довуд ушбу режани амалга оширишда ўта муҳим рол ўйнаётганди. Фархарда унинг хотирасига ҳурмат бажо келтираётган азадорлар Афғонистон шимолининг мавҳум келажагидан ҳам қайғуда эдилар.