Сурия армияси 'Жиср ал-Шуғурда ўз амалиётларини бошлади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сурия давлат телевидениесининг хабар беришича, Сурия қўшинлари "хавфсизликни таъминлаш" учун Жиср ал-Шуғур ва унинг атрофидаги ҳудудларда ўз ҳарбий амалиётларини бошлашган.

Шу ҳафта бошида Сурия ҳукумати шимолий-ғарбий Жиср ал-Шуғур шаҳрида 120 нафар хавфсизлик кучлари аъзоларининг ўлдирилганлигини баён қилганди.

Ҳукуматнинг ушбу баёноти ва шаҳар атрофига аскарларни сафарбар этишга киришилиши маҳаллий аҳолининг қўшни Туркияга қочиб ўтишларига сабаб бўлганди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг айтишича, Сурия "ёвузлик"ларга қўл урмоқда.

Туркия томони келтирган ҳисоб-китобларга қаралса, бугун бошлангани айтилаётган амалиётлардан қочиб, икки мингдан ортиқ сурияликлар ўз чегараларини кесиб ўтишган.

Сурия ҳукумати ўз ҳарбийларининг ўлдирилишида шаҳардаги қуролли тўдаларни айблаганди. Аммо айрим хабарларда хавфсизлик кучларининг ўзлари исён кўтарганликлари ҳам айтилганди.

Мамлакат давлат телевидениеси эса, қуролли тўдалар шаҳар назоратини ўз қўлларига олишгани ва ўзларини ҳимоя этишга киришганликлари ҳақида хабар тарқатганди.

Қарама-қарши хабарлар

Хорижий журналистларнинг киришларига изн берилмагани учун Суриядан келаётган хабарларни тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ливанда бўлган мухбиримиз Жим Мьюирнинг хабар беришича, Жиср ал-Шуғурдаги ҳодисалар Сурия ҳукумати учун жиддий чақириқдир.

Ҳукуматнинг айтишича, шаҳар аҳолисининг ўзи тинчлик ва осойишталикни таъминлаб бериши учун аскарларнинг киритилишини сўрашган.

Жиср ал-Шуғурдан Туркияга қочиб ўтган ва исмини ошкор этишни истамаган бир сурияликнинг айтишича, шаҳар атрофига 30.000 та аскар сафарбар этилган.

Унга кўра, яна юзлаб аскарлар ўз мавқеларини тарк этиб, қочиб ўтиш учун Туркия билан чегарада тўпланишган.

Сурия ҳукумати воизининг айтишича, ҳеч ким Туркияга ўтаётгани йўқ, борлари ҳам ўз яқинларини кўриш учун боришмоқда.

Сурия ҳукумати бундан аввал аксилҳукумат намойишларига саҳна бўлган Дараа, Банияс, Латакиа, Ҳомс, Ҳама ва Дамашқ атрофидаги бир қанча ҳудудларда ҳам ҳарбий амалиётлар ўтказган.

Ҳукуматга қарши фаоллар бугун жума намози ортидан ҳам оммавий намойишлар ўтказишга ваъда беришган.