10 июннинг жаҳон янгиликлари қисқача сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурияликлар Туркия ҳудудига қочиб ўтишмоқда

Қирғизистон Президенти Рўза Ўтинбоева Би-Би-Сига берган интервьюсида ўз ҳукумати роппа-роса бир йил аввал Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбеклар орасида юзага келган зўравонлик учун ахлоқий масъулиятга эга эканини айтган. Ўтинбоева хоним муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинланишидан бир неча ҳафта ўтиб Қирғизистон жанубида деярли беш юз киши ўлдирилганди, уларнинг аксари этник ўзбеклар бўлишган.

Сурия армияси ҳафта бошида 120 нафар аскарининг ўлдирилганини айтиб, бунга жавобан ҳужумлар уюштиришини айтиши ортидан, Жиср ал-Шуғур шаҳрига танклар ва оғир қуроллар билан кириб борган. Мухолифат вебсайтлари отишмалар ҳақида хабар беришмоқда. Кўп одамлар уйларини ташлаб Туркия ҳудудига қочишган.

Туркия Бош Вазири Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия ҳукумати ҳужумларини "ноинсоний" дея қоралаган. Туркия телевидениеси орқали гапирган жаноб Эрдўған Суриядаги норозиликлар бостирилишини ёввойи ва ҳазм қилиб бўлмас амал дея тасвирлаган.

АҚШ Мудофаа Вазири Роберт Гейтс НАТОнинг оврўполик аъзолари ҳарбий ҳаражатларини оширишмас экан, НАТО ўз аҳамиятини йўқотади деб айтган. Шу ой истеъфога чиқиши кутилаётган жаноб Гейтс кескин нутқида Афғонистон ва Ливиядаги амалиётлар баъзи НАТО аъзоларининг ҳарбий оқсоқлиги ва сиёсий истаги йўқлигини намойиш қилганини айтди.

Югославиядан ажралиб чиққанидан 20 йил ўтиб Хорватиянинг Оврўпо Иттифоқига қўшилишига йўл очилган. Оврўпо Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Барросо музокаралар ниҳоясига етгани ва, охирги тўсиқ бўлган Хорватия адлия тизими ислоҳоти амалга оширилгач, келишувга эришилганини билдирган.

Чечен ўсмир қизини ўлдиргани учун қамалиб чиққан россиялик собиқ полковник Москвада куппа-кундуз куни отиб ўлдирилган. Терговчилар ҳужум аввалдан тайёрланганига ишоралар борлигини айтишмоқда. Полковник Юрий Буданов икки чечен уруши даврида амалга оширилган жиноятлар учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган кам сонли Россия зобитларидан бири эди.