'Афғонистон - аёллар учун энг хавфли мамлакат'

Афғонистондаги аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Афғонистон бундан олдин ҳам аёллар учун энг хатарли мамлакат сифатида тилга олинган

Гендер масалалари бўйича халқаро сўров экспертлари Афғонистонни аёллар учун энг хавфли мамлакат дея топишган.

Thomson-Reuters жамғармаси олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, маиший зўравонликларнинг юқори даражада экани, соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имкониятлари ўта чеклангани ҳамда қашшоқлик Афғонистонни аёллар учун ёмон жой сифатида қолаётганига сабабдир.

Сўровларга кўра, айни масалада Конго Демократик Республикаси иккинчи, Покистон учинчи ўринларни эгаллайди.

Ҳиндистон қиз ҳомилаларни олдириб ташлаш ва аёлларни фоҳишаликка зўрлаш даражаси юқорилиги билан айни рўйхатда тўртинчи қаторда қайд этилган.

Сўров натижаларига биноан Сомали аёллар учун энг хавфли бешинчи мамлакатдир.

"Давом этаётган қарама-қаршиликлар, НАТО ҳаво ҳужумлари ва маданий анаъаналар барчаси қўшилиб, Афғонистонни аёллар учун ўта хавфли жойга айлантирган", дейди инсон ҳуқуқлари бўйича Women Change Makers ташкилоти раҳбари Антонелла Нотари. "Бундан ташқари жамиятда бирон мавқени эгаллашга уринган аёлларнинг ҳаётлари хавф остида қолмоқда. Аёлларга нима мумкину нима мумкин эмас, деган жинсий камситиш ҳоллари чуқур илдиз отган. Масалан, полиция ходими ёки телебошловчи сифатида ишлаётган аёллар таҳдид остига олинади ва ё ўлдирилади", дея қўшимча қилади Антонелла Нотари.

'Яширин хатарлар'

Тадқиқотда 5 қитъадан 123 эксперт иштирок этишган ва улардан аёллар ҳаёти учун хавф-хатар даражаси, тиббий хизматларидан қанчалар фойдалана олишлари мумкинлиги, маиший зўравонлик, жинсий камситиш ва инсон савдоси билан боғлиқ қатор масалалар бўйича саволлар сўралган.

Thomson-Reuters жамғармаси раҳбари Моник Виллага кўра, ушбу сўров аёллар учун жинсий зўрлаш, қотиллик каби жисмоний хатарлардан кўра, хавотирлироқ - таълим олиш ва тиббий хизматлардан фойдаланишга имкониятларнинг қарийб йўқлиги каби "яширин таҳдидлар" мавжудлигини кўрсатган.

Покистон "сеп, ор-номус қотилликлари ва эрта турмушга узатиш" каби ҳолларнинг кўплиги билан рўйхатнинг 3-қаторига қўйилган.

Ҳиндистон эса, қиз ҳомилаларни олдириш, туғилган қиз чақалоқларни ўлдириш ва одам савдоси даражаси юқорилиги айтилиб, 4-ўринни эгаллаган.

Би-би-сининг Деҳлидаги мухбирига кўра, Ҳиндистоннинг аёллар учун вазият абгор беш мамлакатдан бири сифатида қайд этилиши мамлакатда таажжуб билан кутиб кутиб олиниши тайин.

Айрим мутахассислар фикрича, дунёдаги энг йирик демократик давлатлар билан бири бўлган Ҳиндистон ўз муаммоларини бошқа мамлакатларга нисбатан очиқ тан олади.