Эронда гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ҳоллари қўрқув ва диний баҳсу мунозараларни қўзғамоқда

Эронлик аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳомаюншаҳр маҳкама биноси ташқарисида минглаб аёллар тўпланишган

Эронда тўда бўлиб жинсий зўрлаш ҳоллари ҳақидаги яқинда эълон қилинган хабарлар хотин-қизларни хавотирга солиш билан бирга ижтимоий қадриятлар борасида саволларни ўртага отмоқда. Би-би-си Форс Хизмати мухбири Муҳаммад Манзарпур лавҳаси ана шу ҳақда

Ўтган ой Исфаҳон яқинидаги ўта анъанадор шаҳарчалардан бирида зиёфатда бўлган аёллар ўғирлаб кетилиб, бир гуруҳ шахслар тарафидан пичоқ ўқталиб зўрланган.

Ҳодисадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, олийгоҳ талабаларидан бирига ҳужум қилинган. Машҳаддаги қаттиқ қўриқланувчи университет ҳудудида номаълум шахслар талаба қизнинг номусига тажовуз қилишган.

Ҳар икки ҳодисада ҳам расмийлар жабрланганларни рисоладагидек ҳижоб, исломий либос киймаганликда айблашган.

Катта шов-шувга сабаб бўлган ушбу жиноятлар юзасидан Эрон расмийларининг ҳақоратомуз изоҳлари хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар ғазабларини қўзғади. Ушбу гуруҳлар шундоқ ҳам мамлакатдаги жинсий камситиш ҳолларидан шикоят қилиб келадилар.

Ҳар икки ҳолат ҳам газеталар бош сарлавҳасига айланар экан, кескин сиёсий ва оммавий баҳсу мунозараларга сабаб бўлди ва Исломий бир давлатда бу каби жиноятларнинг кўпайишига олиб келган сабаблар ва уларни олдини олиш ҳамда жавобгарларни жазолаш борасида саволлар ўртага чиқди. Тўрт деворли боғ

Ҳодиса 24 май куни кечқурун содир бўлганди. Ҳомаюншаҳр четида истиқомад қиладиган икки оила дўстларини зиёфатга таклиф қилишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Меҳмонлар зўрланган тўрт деворли боғ

Атрофи деворлар билан ўралган боғда жами 14 киши йиғилади. Матбуот хабарларига кўра, узун пичоқлар билан қуролланган ўндан ортиқ шахс боққа кириб келган маҳал анча кеч кирган бўлган. Улар айрим эркакларни уйга қамаб, қолганларини дарахтга боғлаб кетишган. Аёл меҳмонлар эса, бошқа уйга олиб борилиб, зўрланган. Айтилишича, улар орасида ҳомиладор аёл ҳам бўлган.

Меҳмонлардан бири яширин ҳолда қўл телефонидан полицияга хабар беришга муваффақ бўлади. Хабарларга кўра, полиция етиб келган пайт аксар ҳужумчилар қочиб қолишган. Аммо, кейин 4 киши ҳибсга олинган.

Ушбу унча катта бўлмаган шаҳарчада жинсий зўрлаш оид хабарлар шиддат билан ёйилади. Бироқ, бу қаттиқ назорат қилинадиган давлат матбуотида ёритилмади ва орадан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб ҳам расмий баёнотлар берилмади.

Сукунатдан одамлар ғазабга келдилар ва маҳаллий қиз-жувонлар хавфсизлигидан хавотирлар ортди.

Ва ниҳоят маҳкама биноси ташқарисида йирик сонли норозилик чиқиши уюштирилди. Давлат расмийлари тарафидан билдирилган изоҳлар эса, ундан-да каттароқ баҳсу мунозараларга етаклади.

Жабрдийдалар айбланди

"Жинсий зўрланган одамлар мақтовга лойиқ эмас", деди Ҳомаюншаҳр имоми Муса Салимий жума намозидан олди ваъзида.

"14 нафардан иккитасигина қариндош бўлишган. Улар шаҳарчамизга зиёфат учун келишган ва шароб ичиб, рақсга тушиб, бошқалар (жинсий зўрлаган шахслар)нинг ҳирсларини қўзғашган", дейди у.

Шаҳар полиция кучлари қўмондони, Инқилоб Қўриқчилари Полковниги Ҳусайн Ёрдўстий изоҳларида ҳам шунга ўхшаш фикрлар янгради:

"Мен зўрланган аёлларнинг оилалари айбдор, деб ишонаман. Чунки, улар рисоладагидек кийинишган ва мусиқаларини баланд қўйишмаганда эди зўрлашда айбланганлар бу қадар ахлоқсизликка боришмаган бўларди".

Хабарларда у жабрланганларга қарши уларнинг хулқ-атворлари учун жиноий иш очиш масаласини кўриб чиқаётгани айтилади.

Университет талабасини зўрлаш ҳодисаси юзасидан ҳам расмийларнинг жавоблари савол остига олинди. Талабалар олийгоҳ ҳудуди хавфсизлик хизматлари тарафидан қаттиқ қўриқланишини урғулашаркан, ҳужум уларнинг эътиборидан четда содир этилмаганига ишора қилишади.

Улар жабрланган талабага дастак беришга қаратилган маросимда қўриқчилар билан келишув бўлганини айтишган ва уларни жиноий ишни паспўшлашда айблашган.

'Даҳшатли оқибатлар'

Аёллар ҳуқуқлари бўйича гуруҳлар вазиятдан хавотир изҳор қилишмоқда. Би-би-си Форс Хизмати билан суҳбатда эронлик фаол ва ҳуқуқшунос Шоди Садр расмийларни мулоҳазасиз изоҳлари аёлларнинг кийиниши талаб даражасида деб кўрилмаган тақдирда зўрлашни оқлаш мумкин деган ишорани беришидан огоҳлантиради ва бу жамият учун "даҳшатли оқибатларга" етаклаши мумкинлигини айтади. Баъзи шарҳловчиларга кўра, яқинда кузатилган жинсий зўрлаш ҳоллари ўсиб бораётган ёш авлод ўртасида мавжуд фавқулодда тангликлар туфайли келиб чиққан. Қизлар ва йигитлар бир-бирлари билан ҳаминқадар мулоқотда бўладилар ва уларнинг ҳаётлари қутблашиб қолган.

Ҳукумат сиёсий мухолифлари жинсий ҳужумлар хавфсизлик кучлари тарафидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини айтишади.

9 июн куни жинсий зўрлашга алоқаси бўлмаган жиноятлари учун 3 эркак омма ўнгида қатл қилинди. Расмийлар бу қўрқитиш воситаси бўлишига умид қиладилар.

Айни пайтда эса, Ҳомаюншаҳр ва Машҳаддаги жинсий зўрлашлар бўйича асосий гумондорлар очиқда қолишмоқда.