Саудиялик аёллар машина ҳайдашга таъқиққа норозилик билдиришмоқда

Саудиялик аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Саудиялик аёлларнинг машина ҳайдашларига таъқиқ уларнинг эркин ҳаракатланишига тўсиқ сифатида таърифланади

Саудия Арабистонида бир гуруҳ аёллар ошкора автомобил ҳайдаб, ушбу ўта анъанадор қиролликда хотин-қизларнинг машина ҳайдашларига қарши расмий таъқиққа норозилик билдиришган.

Норозилик акцияси ижтимоий тармоқлари орқали ташкил қилинган.

Фейсбук саҳифасида уюштирилган кампанияда норозиликлар токи бу борадаги қироллик фармони ўзгартирилмагунга қадар давом этиши айтилади.

Ўтган ҳафта автомобил ҳайдаб кетаётгани туширилган видеотасвирни интернетга қўйган аёл ҳибсга олинганди.

Манал ал-Шариф "хорижда қироллик обрўсини тўкканликда" айбланган, аммо 10 кундан сўнг бошқа машина ҳайдамасликка сўз бериши ортидан қўйиб юборилган.

Норозилик акцияси ташкилотчилари ноқонуний ҳисоблангани учун йирик намойишга чақиришгани йўқ. Аммо, улар хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлганларни кундалик ҳаётларида зарурат бўлганда машинага ўтиришга ундашган.

"Биз истаётган бор-йўқ нарса ҳайдовчиларга қарам бўлмай, ўз ишимизни ўзимиз бажариш имкониятига эга бўлишдир", дейди жума куни илк чоп этилган видеотасвирдаги аёл.

Филмда исми ошкор этилмаган аёл машинасида супермаркетга боргани ва автомобилини тўхташ жойида қўяётгани акс этган.

"Бу ҳайдашга ишқимиз тушгани ёки тажриба учун эмас. Мен агар ишга боришимга тўғри келса, бориш имкониятига эга бўлишни, бирон нарсага эҳтиёж сезсам, чиқиб олиб келишни истайман", дейди у.

"Менимча, жамият бизни қабул қилишга тайёр", дея қўшимча қилади саудиялик аёл.

Бошқа бир аёл норозилигини билдириш учун Ар-Риёд кўчалари бўйлаб 45 дақиқа машина ҳайдаганини айтади.

Фатво

Хотин-қизларнинг автомобил ҳайдашларига таъқиқ қонунга киритилмаган, аммо анъанадор уламолар фатвосига асосланган. Бу мамлакатдаги аёлларга нисбатан жорий этилган чекловлардан биридир.

Фатво тарафдорлари таъқиқ аёлларни ҳимоя қилиши ва ҳайдаш мажбуриятидан халос қилишини айтишади. Шу билан бирга уларнинг уйдан эркаксиз чиқиб кетишлари ва номаҳрам билан сафар қилишларини олдини олади.

Бироқ, норозилик билдираётган аёллар ва эркаклар Яқин Шарқ ва Араб дунёси бўйлаб давом этаётган қўзғолонлардан илҳомланган кўринишади. Ва улар таъқиқнинг бекор қилиниши, бунинг ортидан эса, бошқа ислоҳотлар ҳам бошланишига умид қиладилар.

Халқаро Амнести инсон ҳуқуқлари ташкилоти Саудия Арабистони расмийлари "аёлларга иккинчи даражали фуқаро сифатида муносабат қилишни тўхтатиши шарт" эканини айтади ва автомобил ҳайдашга таъқиқни аёлларнинг эркин ҳаракатланишларига катта тўсиқ сифатида таърифлайди. Мазкур таъқиққа қарши энг йирик норозилик 1980 йилда ташкил қилинганди. Ўшанда элликка яқин аёллар гуруҳи машина ҳайдаганлари учун ҳибсга олинган ва қаттиқ жазоланганлар. Оқибатда уларнинг аксари ўз ишларини йўқотишган.

Норозилик иштирокчилари Қувайт билан уруш ортидан Саудия Арабистонига келтирилган АҚШ аёл аскарлари эркин машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлган бир пайтда улар бундан маҳрум этилганларидан ғазабланишган эди.