'АҚШ Толибон билан тинчлик музокараларида иштирок этмоқда'

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайга кўра, Америка Қўшма Штатлари расмийлари Толибон ҳаракати раҳбарлари билан тинчлик музокараларида иштирок этаяптилар.

Бу ҳақда Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган.

Жаноб Карзай бу музокараларда АҚШ маъмурияти мулозимлари Толибон вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишмоқдами ёки воситачилар орқали, деган саволга аниқлик киритмаган.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай сўзларига кўра, Толиблар билан музокараларда "хорижий ҳарбийлар ва алоҳида АҚШнинг ўзи иштирок этаяпти".

Толибон билан Афғонистонда тинчликни ўрнатиш мақсадида музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар бундан олдин ҳам пайдо бўлган, бироқ Президент Ҳомид Карзайнинг ушбу баёноти бундай мулоқотларнинг юз бераётганининг илк расмий тасдиғидир.

Шу ой бошида АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Толибон раҳбарияти билан сиёсий музокаралар шу йил охиригача бошланиши мумкин, деб айтган эди.

Июл ойидан бошлаб Америка Қўшма Штатлари Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни бошлаши эълон қилинган.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 97 минг кишилик ҳарбий қўшинлари жойлаштирилган.

Афғонистонда халқаро кучлар 2014 йилга бориб мамлакат хавфсизлиги устидан назоратни тўла Афғон кучларига топширишни мўлжаллаган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Пол Вудга кўра, Президент Ҳомид Карзайнинг ушбу баёнотига қарамасдан, аксар таҳлилчилар 2011 йилнинг ёзи жанговор амалиётлар нуқтаи назаридан "жазирама ёз" бўлади, деган фикрдалар.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати эса тинчлик музокараларига фақат хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетганларидан кейин рози бўлишларини, шунда ҳам фақат Афғонистон ҳукуматининг ўзи билан мулоқотга киришишларини айтиб келади.

17 июн куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Толибонга нисбатан янги қарор қабул қилган.

Бу 2001 йилда "Ал-Қоида" тармоғи ва Толибон ҳаракатига тегишли қабул қилинган жазо чораларига боғлиқдир.

Хавфсизлик Кенгаши Толибонга тегишли санкцияларни "Ал-Қоида" жазо чораларидан ажратган.

Бундан кўзланган мақсад - Толибонни тинчлик музокараларига ундашдир.

Кобулдаги янги худкушлик ҳужуми

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайнинг матбуот анжуманидан бир неча соат ўтиб, Кобулдаги президент саройига яқин полиция идорасида худкушлик ҳужумлари содир этилган.

Расмийларга кўра, ҳужумчилар Афғон армияси ҳарбийларининг кийимида бўлганлар.

Ҳужумчиларнинг уч киши экани хабар қилинган.

Дастлабки хабарларда икки Афғон полицияси зобити ҳалок бўлгани айтилган.

Орадан бир неча соат ўтиб, ушбу ҳужумларда ҳалок бўлганларни сони ортган.

Расмийларга кўра, ушбу ҳужум оқибатида уч полиция ходими ва бен тинч фуқаро ҳаётдан кўз юмган.