Тунис президенти сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Туниснинг собиқ президенти ва унинг рафиқаси давлат мулкини ўз оила аъзолари орасида бўлиб олганликда айбланишган

Тунисда маҳкама собиқ президент Зино ал Обидин Бин Али ва унинг рафиқаси Лайлони давлат мол-мулкини ўзлаштириш ва суииъстемол қилишда айбдор деб топиб 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Январ ойида юзага келган халқ ғалаёнидан сўнг Саудия Арабистонига қочган жуфтга, шунингдек, 66 миллион доллар жарима солинган.

Сиртдан ўтказган бир кунлик маҳкама иши президент саройларидан бирида топилган 27 миллион доллар нақд пули ва қимматбаҳо тақинчоқларга асосий эътиборни қаратган.

Бин Алига қарши очилган гиёҳванд моддалар ва қурол сақлаш айбловлари бўйича маҳкама иши кечиктирилган.

Бин Алининг адвокати маҳкама қарори ортида сиёсий сабаблар ётгани ва у "кулгили" эканини айтган.

Тунисдаги Би-би-си мухбири Жон Лайннинг айтишича, Саудия Арабистони Бин Али ва унинг рафиқасини Тунисга қайтаришининг эҳтимоли кам.

Давом этаётган терговлар

Бин Али ва унинг рафиқаси Лайлр Трабелси ўз ватанларидан қочишларидан беш ой ўтиб маҳкамага тортилдилар.

Прокурорлар уларнинг пойтахтдан ташқаридаги Сиди Бу Саид саройида нақд пул ва қимматбаҳо тошлар топилгани ва уларнинг баъзилари "тарихий қиймат"га эга эканини айтишган.

Олти соат давом этган маҳкама ишида ҳакам Бин Али ва рафиқаси омма пулини суиистеъмол қилишган деган қарорга келган ва уларни қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Жазо, уларнинг қувғинда бўлишига қарамай, зудлик билан кучга кириши эълон қилинган.

Ҳакам, шунингдек, Бин Али давлатга 36 миллион доллар, аёли эса 30 миллион доллар жарима тўлаши кераклигини айтган.

Бин Али бундан ташқари қотиллик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш, археологик обидаларни ноқонуний сотиш ва пул ювишда айбланиб тергов қилинмоқда.

Унинг ҳимоячиси Акром Азури Байрутдан Би-би-сига гапира туриб "эсдан чиқарманг, бу пуллар ва наркотиклар президент саройидан чиқиб кетганидан уч ой ўтиб топилган" деб айтган.

"Мен Президент Бин Алининг ҳимоячисиман, ва мен Тунис расмийларидан ўз мижозимни маҳкамада ҳимоя қилишни сўрадим, бироқ менга рухсат берилмади", деди у.

Кўплат тунисликлар Бин Алининг 23 йиллик ҳукмронлиги асосан яккаҳокимлик, коррупция ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши билан ёдда қолишини айтишади.

Бироқ, собиқ президент барча айбловларни рад қилган.

Душанба куни чиқарган баёнотида у ҳеч қачон Тунисдан қочиш нияти бўлмагани, оиласини хавфсизлик учун Саудия Арабистонига учириб олиб келгани, бироқ ўзи ортга қайтишга шайланганида учоқ унинг рухсатисиз учиб кетганини билдирган.