Хитой: Оддий тужжордан миллиардерга айланган аёл ҳикояси

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жоу хоним ёшлигиданоқ турли ашқол-дашқолларга тўла 60 килоли қопини орқалаб, бутун Хитой бўйлаб тунги поездларда тужжорлик қилган.

Ҳозир эса, у дунё бозорида етакчилик қилувчи Neoglory ширкатига бошчилик қилади.

Ширкат бир вақтлар узук, билагузук, бўйинга тақувчи турли хил занжирлар каби арзон-гаров заргарлик буюмлари ишлаб чиқарган.

Ҳозир эса, бутун Хитой бўйлаб мингга яқин ўз дўконларига эга.

300 та дизайнер ўтирволиб, кунига 100 хил янги дизайндаги либослар ва заргарлик буюмларини ўйлаб топишади.

Жоу хоним 1986 йилдан буён Хитойнинг шарқий Жежанг вилоятидаги Юяо шаҳрида яшайди.

Бугун унинг тадбиркорликдаги муваффақиятининг таъсири она шаҳрида ҳам сезилади.

Бундан чорак аср бурун Юяо шаҳри ўзининг қанчалар қашшоқлиги билан ном чиқарган.

Ҳозир бу ерда 4.000 га яқин заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар фаолият олиб боради.

100.000 дан ортиқ одамлар иш билан таъминланган.

Жоу хоним эса, йилига 3 миллиард доллардан зиёд даромад қилади.

Қашшоқлик

Қашшоқликнинг аччиқ ҳаёти бугун миллиардерга айланган Жоу хонимга ҳам бегона эмас.

Ота-онаси тўловларни вақтида тўлашга қодир бўлишмагани учун 16 ёшида мактабдаги таҳсилини ташлашга мажбур бўлган.

Фақат 35 ёшга келибгина, ўз таҳсилини давом этдириб, олий маълумотли бўлган.

"Кичик ёшимдан тужжорлик қилиб менга бало бормиди", деган пайтларим ҳам кўп бўлган дейди Жоу хоним.

Орадан ўттиз йил ўтиб ҳам, Жоу хоним ўша кунларни ҳануз унутмаган.

Бугун у бошчилик қилувчи ширкатлар Хитойдаги энг пешқадамларидан бирига айланган.

Жоу хоним заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришдан ташқари, кўчмас мулк савдоси билан ҳам шуғулланади.

Вино саноати ва бошқа тармоқларга ҳам сармоялар киритган.

Оилавий бизнес

Ширкатнинг олти қаватли бош қароргоҳида Жоу хоним билан бирга унинг 30 га яқин оила аъзолари ҳам яшаб, ҳам ишлашади.

Асосий эътиборлари эса, барибир заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришга қадалган.

Жоу хонимга тегишли ширкатлар ишлаб чиқараётган заргарлик буюмлари бугун дунёнинг 70 давлатида сотилади.

Neoglory Австриянинг нуфузли "Сваровский" ширкати билан ҳамкорлик қилади. Ўз заргарлик буюмларида уларнинг тошларидан фойдаланади.

Дунёга машҳур хонанда Селин Дион ҳам заргарлик буюмларида ўз номидан фойдаланишларига рухсат берган.

Қачонлардир Хитойда кўпчиликнинг кўзи илмаган ширкат бугун жаҳон бозорларини забт этиш иштиёқида ёнган.

Шу пайтгача маҳсулотларининг ярмига яқинини Оврўпода ва Америкада сотган бўлса, ҳозир Россия, Жанубий Америка ва Яқин Шарқ бозорларига ҳам эътибор қаратмоқда.

Жамоат ишлари

Жоу хоним Хитой Миллий Халқ Конгресси раҳбарига муовинлик ҳам қилади.

Орада вақт топиб конгресснинг йиллик анжуманларида ҳам қатнашади.

Глобал иқлим ўзгаришидан тортиб, мактаблар хавфсизлигини қандай қилиб яхшироқ таъминлаш масаласи устида бош қотиради.

Ўнлаб мажлисларда деҳқонлар, тадбиркорлар ва бошқаларнинг дардларига қулоқ тутади.

Жоу хоним Хитойда аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларники билан теппа-тенг экани, хотин-қиз тадбиркорларга ўз бизнесларини бошлаб олишлари учун, ҳатто, махсус имтиёзлар ҳам мавжудлигини айтади.