Доғистондаги тўқнашувларда камида 5 хавфсизлик ходими ҳалок бўлди

Доғистон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Доғистонда юқори хавфсизлик зобитларига қарши суиқасдлар одатий ҳолга айланган

Россиянинг жанубий Доғистон Республикасида икки кундан буён давом этаётган жангларда камида 5 полиция ва хавфсизлик ходимлари ҳалок этилган.

Ҳозирда Россия кучлари Доғистон ўрмонларини исломий исёнчилардан тозалаш амалиётини олиб бормоқдалар.

Москвадаги Би-би-си мухбири Стив Розенбергнинг хабар беришича, Шимолий Қафқозда қуролли тўқнашувлар одатий ҳолга айланиб бўлган.

Шимолий Қафқоз Россиянинг энг нотинч минтақаси ҳисобланади.

Айниқса Доғистон исломий исёнчиларнинг асосий қаршилик марказига айланган.

Аммо исломий исёнчиларга қарши бу галги амалиёт талафотнинг юқорилиги билан ажралиб туради.

Ҳукумат мулозимлари беш полиция ва хавфсизлик ходимларининг ўлдирилганини тасдиқлаганлар.

Ҳарбий манбаларга кўра, талафот янада каттароқ бўлиши кутилмоқда.

Хавфсизлик кучлари икки кундан буён исёнчиларга қарши амалиётда оғир қуроллар ва қирувчи вертолётлардан фойдаланмоқдалар.

Камида икки исёнчининг ҳалок этилгани хабар қилинган.

Шу ҳафта бошида юқори полиция зобити ўз уйи яқинида отиб ўлдирилди.

Яна бир неча полиция зобити Доғистонга қўшни Қабардин-Болқор ва Чеченистон Республикаларида ҳалок этилган.