Обама Афғонистонда АҚШ қўшинлари сонини қисқартиришга буйруқ берди

Барак Обама Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Президент Барак Обама Афғонистондан жорий йилда 10 минг ва келгуси йилда 23 минг нафар АҚШ ҳарбийлари олиб чиқилишини эълон қилди.

Жаноб Обама "бу урушни тугатиш йўлидаги сай ҳаракатимиз ибтидоси, аммо интиҳоси эмас," деб айтди.

Афғонистонда камида 68 минг АҚШ қўшинлари қолади.

Агар Афғонистон миллий армияси хавфсизликни ўз зиммасига олишга тайёр бўлса, АҚШнинг барча жанговар кучлари бу мамлакатдан 2013 йилгача чиқиб кетиши режалаштирилган.

Толибон ҳаракати "ишғолчи кучларга қарши жиҳод" Афғонистондан барча ажнабий кучлар чиқиб кетгунига қадар давом этишини айтган.

Толибон ҳаракати Барак Обама баёнотини "рамзий" деб атаган.

"Афғонистон Исломий Амирлиги афғон инқирози ечими барча хорижий қўшинларнинг дарҳол чиқиб кетишига боғлиқ эканини яна бир бор билдириб қўймоқчи, акс ҳолда бизнинг қуролли курашимиз кундан-кунга кучайиб бораверади," дея таъкидланади Толибон чиқарган баёнотда.

Афғонистонда АҚШ қўшинлари сонининг қисқариши ҳарбий қўмондонлар таклиф қилганидан қисқароқ муддатда ва кенгроқ миқёсда амалга ошириладиган.

АҚШ ҳарбий қўмондонлари Президент Обамага яқинда ўрнатилган хавфсизлик нисбий эканини айтиб, қўшинлар сонини 2013 йилга қадар қисқартимасликни сўраганлар.

Уларга кўра, бу АҚШ қўшинларига Толибон исёнчиларига қарши яна бир "уруш мавсумини" ўтказиш имконини беради.

Мухбирлар сўзларига кўра, Афғонистонда АҚШ қўшинларини ушлаб туриш учун 2 миллиард долларнинг сарфланаётгани Америка Конгресси аъзоларининг танқидларига учраган, аҳоли эса камида бир ярим минг америкалик ҳарбий ҳаётига зомин бўлган ва 12 минг аскарни ногиронга айлантирган урушдан чарчаган.

Ал-Қоида раҳбари Усома Бин Лодиннинг ўлдирилиши ҳам Афғонистонда олиб борилаётган амалиётларга нисбатан Ғарб давлатлари фикрларини бирмунча ўзгартирган.

"Афғонистонда абадий қўриқламоқчи эмасмиз"

Жаноб Обама ўз чиқишида Афғонистон стратегияси юзасидан аниқ қарорларни 2009 йил декабрида олганини айтди.

Мазкур стратегия жумласига ал-Қоида раҳбарларини ҳадафга олиш, Толибонга нисбатан муносабатни ўзгартириш ва Афғонистон хавфсизлиги учун масъулиятни афғон миллий армиясига топшириш киради.

"Оқ Уй маъмурияти қўшинларни Афғонистондан 2011 йил июлидан олиб чиқа бошлашини билдирган эди," - деди Барак Обама. - "Бу кеча мен, биз ўз сўзимиз устидан чиқаётирмиз, деб айта оламан."

"Ал-Қоида 2001 йил 11 сентябридан буён энг кучли босим остида қолмоқда... Биз ал-Қоида раҳбарларининг ярмидан кўпроғини маҳв этдик. Тармоқ мағлубиятга учрамоқда. Токи тўлиқ ғалаба қозонмас эканмиз, ортга чекинмаймиз," деди Америка президенти .

Америка президентининг айтишича, Афғонистонда Толибон назорати остида бўлган қатор ҳудудлар ишғол этилган.

Бу муваффақиятларда, Барак Обаманинг таъкидлашича, иттифоқчи кучларнинг кўмаги салмоқли бўлган.

"Биз Афғонистон кўчалари ва тоғларини абадий қўриқламоқчи эмасмиз. Бу вазифа афғон ҳукумати масъулиятидадир," - деди Барак Обама.

Қўшма Штатлар Афғонистонга 2001 йил кузида қўшин киритганидан буён бир триллиондан кўпроқ маблағ сарфлаган.