Олимлар оддий дорилар мажмуаси мия фаолиятига ёмон таъсир қилишини айтишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Янги тадқиқотда 65 ёшдан ўтган аҳолининг деярли ярми бир неча дорилар мажмуасини қабул қилиши айтилади

Британиялик бир гуруҳ олимлар огоҳлантиришича, бир неча ҳатто энг кенг тарқалган дориларнинг, жумладан депрессия, аллергия ва юрак касаллигига қарши дориларнинг бир вақтда қабул қилиниши инсон мия фаолиятининг ёмонлашишига олиб келиши ва ўлим хавфини ошириши мумкин.

Уларнинг айтишларича, 65 ёшдан ошган жаҳон аҳолисининг деярли ярми бир вақтнинг ўзида бир ё бир нечта дори-дармонни истеъмол қилади.

"Энг кўп хавф остидагилар бир неча таблеткалар "коктейли"дан ташкил топган муолажани ўтаётган одамлар" дейилади Америкалик врач-геронтологлар уюшмаси ойномасида.

Айни дамда улар шифокор томонидан тайинланган дориларни қабул қилишни тўсатдан тўхтатмасликни маслаҳат берадилар.

Антихолинергик эффект

Тадқиқотчилар ацетилхолин, яъни миядаги бир ҳужайрадан иккинчисига сигнал етказиб берувчи кимёвий моддага таъсир қила оладиган дориларга асосий эътиборни қаратишган.

Аниқ бўлишича, кўп кенг тарқалган дорилар антихолинергик таъсирга эга, яъни улар мия ҳужайраларининг биридан иккинчисига ишора бериш қобилиятини пасайтиради.

Олимлар 80та дорининг рўйхатини тузиб, уларнинг антихолинергик таъсирини бирдан учгача ўлчашган: бир балл мияга оз таъсирли, уч балл эса юқори таъсирли дориларга берилган.

Сўнгра геронтологлар 65 ёшдан ўтган 13 минг нафар кўнгилли қабул қилган дориларнинг умумий таъсирини ўлчаганлар.

Уларнинг хулосасига биноан, 3 балли таъсирга ва озроқ, масалан 2 балли таъсирга эга дориларнинг бир вақтда қабул қилиниши мия фаолиятини анча кучли тарзда сусайтирган.

Британиядаги Қироллик шифокорлар колледжи раҳбари Клер Джерадага кўра, бу тадқиқот хулосасига жиддий ёндошиш керак.

"Энг асосийси, хавотир олманг ва албатта шифокор ё фармацевтингиз билан маслаҳатлашинг. Аммо, асло шифокор билан маслаҳатлашмай туриб сизга берилган дориларни қабул қилишни тўхтатманг", дейди у.