Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко маҳкамага тортилмоқда

Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенко ўз лавозимини суиистеъмол қилгани айблови билан очилган маҳкама ишини "томоша" дея қоралаган. Киевда очилган маҳкама ишида гапира туриб, Тимошенко хоним ҳакамни ўз ашаддий рақиби Президент Виктор Януковичнинг қўғирчоғи деб атаган. Унинг айтишича, Янукович ҳар қандай мухолифатдан чўчийдиган қўрқоқдир. Тимошенко хонимнинг 2009 йилда Москва газ таъминоти қисқа муддатга узиб қўйиши ортидан Россия билан газ келишувига имзо чекиши ўз лавозимини суиистеъмол қилиш дея баҳоланган. Иддаоларга кўра, бу келишув Украинага ўта қимматга тушган. Тимошенконинг юзлаб тарафдорлари маҳкама ишини сиёсий ҳужум дея маҳкама биноси қаршисида намойишга йиғилишган. Би-би-си маҳкама иши ҳақида Британиядаги Бирмингем Университетининг Шарқий Оврўпо сиёсати бўйича катта ўқитувчиси Катарина Волчук билан суҳбатлашди.

Волчук: Юлия Тимошенко 2004 йилда Украинада юз берган "норинж инқилоби"дан кейин икки марта бош вазир бўлди. Шундай экан, у ўз вақтида мамлакатнинг энг қудратли шахси бўлган дейиш мумкин. Бош вазир бўла туриб Юлия Тимошенконинг баъзи асосланмаган қарорларни олгани даъво қилинади.

Би-би-си: Асосланмаган даъволар деяпсиз. Бу борада аниқ даъволар мавжудми ёки бу халқ орасида шаклланган умумий фикрми?

Волчук: Йўқ, аниқ айбловлар бор албатта. Бу айбловлардан баъзилари, мисол учун, фойдасиз эмдориларни сотиб олиш, тез ёрдам хизматига меъёридан ошиқ тўлаш, ва энг муҳими, Россия билан бўлган савдо ва энергия битимларига тааллуқли. Даъво қилинишича, Юлия Тимошенко гўёки Россия билан Украина манфаати, украиналик олигархлар фойдасига хизмат қилмайдиган битимларни имзолаган.

Би-би-си: Баъзи фикрларга кўра, Юлия Тимошенкога қўйилаётган айбловлар аслида унинг бош вазирлик даврига эмас, балки ҳозирги президент Янукович билан бўлган рақиблигига тааллуқли. Бу фикрлар нақадар асосли?

Волчук: Бу ишнинг сиёсий ваъжларга асосланганига шубҳа қилувчилар жуда кам. Тимошенко хоним ўз вазифасини суиистеъмол қилишда айбланган бир неча собиқ ҳукумат мулозимларидан биридир. Бундай ишлар Украинада жуда осонлик билан амалга оширилади. Чунки Украинада Бош прокуратура ва Олий Маҳкама амалда президент томонидан назорат этилади. Янги қудратга келган президент Янукович ушбу тергов ишини Юлия Тимошенко бошлиқ бўлган мухолифатни кучсизлантириш учун бошлатди.

Би-би-си: "Норинж инқилоби" пайтида Юлия Тимошенконинг обрўси жуда баланд эди. У ҳалиям бундай обрўдан баҳрамандми?

Волчук: Ўтган йил бўлиб ўтган президентлик сайловида кичик фарқ билан мағлуб бўлган эса-да, Юлия Тимошенкони жуда ҳам обрўли деб бўлмайди ҳозирда. Ўшандан буён у ўзини мухолифат раҳбари сифатида тўлақон намойиш эта олмади. Сабаби ҳукумат уни тинч қўйгани йўқ: жиноий иш очди, четга чиқишини таъқиқлаб қўйди. Ҳозирда қўйилаётган айбловлардан асл мақсад Юлия Тимошенкони келгуси йил бўлиб ўтажак парламент сайловларида иштирок этишдан четлатиш деб ўйлайман.