Ливиялик нуфузли футболчилар исёнчилар томонига ўтишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Жума Гтат ва Одил бин Иссо Ливияда машҳур спортчилар ҳисобланишади

Ливия футболининг 17 нафар нуфузли аъзоси, жумладан миллий жамоанинг тўрт ўйинчиси исёнчилар томонига ўтганларини эълон қилишган.

Улар орасида дарвозабон Жума Гтат ва Триполидаги энг нуфузли ал Аҳли футбол клубининг мураббийси Одил бин Иссо ҳам бор.

Би-Би-Сига эксклюзив интервью бера туриб дарвозабон Гтат Полковник Қаддофийни ливияликларга эркин давлат барпо этишга йўл қўйишга чақирди.

Спортчилар Би-Би-Си билан Ливия ғарбида исёнчилар қўлига ўтган Нафуса тоғларида учрашганлар.

Спортчилардан аввалроқ қатор ҳарбий зобитлар исёнчилар томонига ўтишган.

Қаддофий тарғиботига зарба

Жаду шаҳридаги меҳмонхонада мен ўз ётоқхонасида дам олаётган Жума Гтат билан кўришдим.

"Мен Қаддофийга "бизни тинч қўй ва бизга эркин Ливияни яратишга йўл қўйиб бер" демоқчиман", дейди у.

"Аслида у умуман бу дунёдан йўқолса яхши бўларди", дея қўшимча қилади у кулиб.

Футболга ўта ишқибоз бўлган Шимолий Африкада бу футболчиларнинг исёнчилар томонига қочганлари Полковник Қаддофий учун йирик пропаганда зарбасидир.

Бироқ, у ҳар қандай сиёсий ва ҳарбий босимларни менсимай, ҳокимиятда қолишда давом этмоқда.

Жаноб бин Иссо Ғарбий тоғларга келиб "Ливия озод ва бирлашган давлат бўлиши керак" деган ишорани беришни истаганини айтади.

"Мен бир куни уйғониб Қаддофий йўқлигини эшитишга умид қиламан", дейди мураббий.