Толибон: полиция бўлинмасига ҳужум қилганлар ЎИҲ аъзолари эди

Колачи Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Покистондаги Толибон ҳаракатининг даъво қилишича, ўтган ҳафта охирида Жанубий Вазиристондаги полиция бўлинмасига интиҳорий ҳужум уюштирган икки шахс - ўзбекистонлик эр-хотин бўлган.

Толибон шунингдек келажакда худди шундай ҳужумлар содир этиш билан таҳдид қилган.

Худкуш бомба ҳужуми илк бор эр-хотин томонидан амалга оширилмоқда.

Покистонда ўтган тўрт йил ичида содир этилган интиҳорий ҳужумларда тўрт ярим мингга яқин одам ҳалок этилган.

Бурқага ўранган Толибон жангарилари шанба куни Жанубий Вазиристон минтақасида жойлашган полиция бўлинмасига кириб, ўзларини портлатиб юборишар экан 10 полиция ходими ҳалок бўлган.

"Биз эр-хотинни юборган эдик," - деди Толибон сўзчиси Эҳсонуллоҳ Эҳсон Франс Пресс агентлигига.

Унинг илова қилишича, худкуш ҳужумчилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бўлишган.

Покистон расмийларининг айтишларича, Колачи полиция бўлинмасига уюштирилган ҳужум чоғида олти жангари ҳалок этилган.

"Биздаги маълумотларга кўра, бомбачилар эр-хотин бўлган, аммо буни тўла тасдиқлаш учун бизда ҳозирча етарли маълумот йўқ," - дейди полиция мулозими Имтиёз Шоҳ.

Қўшма Штатлар Жанубий ва Шимолий Вазиристонни ҳозирда дунёнинг энг хавфли террор марказига айланганини айтади.