Россия Франциянинг Ливия исёнкорларига қурол етказганидан ғазабда

Россия Ташқи ишлар вазири Лавров Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Россия Париждан тушунтириш талаб қилмоқда

Россия Франциянинг Ливия исёнкорларга ҳаводан қурол-яроғ ташлаш амалини қаттиқ танқид қилиб чиққан ва Париждан расман тушунтириш талаб қилган.

"Агар бу тасдиқланса, бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1970 резолюциясининг қўпол бузилиши бўлади", дейди Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Жаноб Лавров жума куни Москвада Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жупе билан учрашиши кутилмоқда.

Венада журналистларга гапирган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен НАТО ҳаводан қурол ташлаш амалларига бош қўшмаганини айтган.

Хитой мамлакатларни Ливия фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган БМТ резолюциясидан ташқари чиқмасликка ундаган.

Ўз қарорини ҳимоя қиларкан, Франция тарафи қурол-аслаҳалар айнан мана шу мақсадда етказилганини айтган.

Бундан олдин Африка Иттифоқи Комиссияси раиси Жан Пинг Франциянинг Ливия исёнкорларига ҳаводан қурол-яроғ ташлаш қарори хавотирли ва бутун минтақани хатар остига қўйишини таъкидлаганди.

Пинг жанобларининг Би-би-сига гапираркан, мазкур қадам ички урушлар ичида қолган Сомалидагига ўхшаш муаммоларни яратиш хавфи борлигини айтган.

Франция Ливия пойтахти Триполи жануби-ғарбидаги тоғли Бербер минтақасидаги қавм жангчиларига қурол ташлаганини тасдиқлаган.

Айрим шарҳловчилар мазкур амал БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ливияга қарши қурол-яроғ эмбаргосига зид тушиши мумкинлигини айтишган.

Хавф-хатар

"Ички урушлар, мамлакатнинг парчаланиш хавфи, Сомалидагига ўхшаш вазиятни яратиш хавфи, ҳамма жойда қурол-яроққа эгалик хавфи...бу хатарлар қўшни мамлакатларни хавотирга солади", дея огоҳлантиради у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Пинг жанобларига кўра, Африка Иттифоқининг март ойида ишлаб чиқилган Ливия тинчлик режаси ҳамон амалий кучга эга.

Ушбу йўл харитасида сиёсий музокаралар ўтишига имкон яратиш учун оташкесимга чақирилади.

Франциянинг исёнкорларга қурол-яроғ етказгани борасидаги хабар чоршанба куни Ла Фигаро газетасида пайдо бўлганди.

Газетанинг ёзишича, НАТОнинг Ливиядаги ҳарбий амалиётларида етакчи куч-Франция бу ҳақда иттифоқчиларини огоҳлантирмаган.

Ла Фигарода чоп этилган хабарга кўра, етказилган қуроллар сирасига ракета отувчи замбараклар ва танкка қарши снарядлар киради. Франциянинг БМТдаги элчисига кўра, бу қуроллар исёнкорлар ўзларини ҳимоя қилишлари учун берилган.

Бу борадаги қарор ўтган апрел ойида Франция Президенти Саркозий ва Ливия исёнкорлари штаби бошлиғи Генерал Абдулфаттоҳ Юнус билан учрашувдан сўнг олингани хабар қилинади.

Айтилишича, Франция феврал ойида бошланган Ливия можаросида кучлар тенг бўлиб қолишидан хавотирда бўлган.

Исёнкорлар яқинда маълум ютуқларни қўлга киртишган ва Триполига қараб илгарилашларига умид қиладилар. Улар пойтахтдан 65 чақиримча узоқда жойлашган Нафиса адирларида йирик қурол-аслаҳа сақланадиган омборни қўлга киритишгани хабар қилинганди.

Россия ва Хитой НАТОнинг Ливиядаги ҳарбий амалиётларини танқид қилган ва ушбу ҳатти-ҳаракатлар амалиётларга изн берилган БМТнинг 1973 резолюциясидан ташқарига чиқиб кетганини айтган.

Бироқ, Қўшма Штатлар олдироқ қабул қилинган 1970 резолюция бутун Ливияга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этган эса-да, 1973 резолюция барча мамлакатлар исёнкорларни қурол-яроғ билан таъминлашига изн беришини даъво қилинганди.