Толибон гаровдан озод қилинган журналистлар Францияга етиб келишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Журналистлар 18 ой олдин олиб қочилганди

Афғонистонда 18 ой олдин Толибон тарафидан ўғирлаб кетилган фрациялик журналистлар ватанларига етиб келишган.

Эрве Гескьер ва Стефан Тапонье чоршанба куни гаровдан озод қилинган эди.

Улар Париж ташқарисидаги ҳарбий ҳаво базасига келиб қўнганлар.

Журналистлар 2009 йил декабрида Афғонистон шимоли-шарқида Франция телевидениеси учун ҳужжатли филм олаётган маҳаллари гаровга олинганди.

Мухбир Эрве Гескьер ва кинооператор Стефан Тапонье қандай шартлар асосида қўйиб юборилгани қоронғу.

Аммо, Гескьер жаноблари ўзларининг соғ-саломат эканларини эътироф этган.

"Бизга ҳеч қачон ўлим билан таҳдид қилмадилар ва ҳеч қачон калтаклашмади", дея қўшимча қилган у.

'Жангарилар қўмондони ўлдирилди'

Айни пайтда Афғонистондаги НАТО кучлари жангариларнинг Кобул Интерконтинентал меҳмонхонасига қилинган ҳужумга алоқадор кўрилган юқори мартабали қўмондонини ўлдирганларини маълум қилишган.

НАТОнинг айтишича, Исмоил Хон исмли қўмондон шарқий Пактия вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумида ҳалок этилган.

НАТОга кўра, у "Ал Қоида"га алоқадор "Ҳаққоний" тармоғи қўмондони бўлган.

Исмоил Хон Кобулдаги меҳмонхонага сешанба куни уюштирилган ҳужумни моддий дастак билан таъминлаганликда айбланади.

Ҳужум камида 21 инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Кобулдаги ҳужум борасида кўпроқ тафсилотлар ошкор бўлмоқда. Би-би-си полиция кийим-бошидаги ўлдирилган исёнкорларнинг суратлар ва орқада қолдирилган йирик ҳажмдаги оғир қуролларни кўришга муваффақ бўлган.

Афғонистон ҳукумати ҳодиса юзасидан аллақачон текширув ишларини бошлаган. Қатор полиция расмийлари ҳам ҳужумга алоқадорлик юзасидан текширилмоқда.