Соқолли Минни ва Микки Маус Мисрда мусулмонларининг ғазабини тоширди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шу йил март ойида Мисрдаги мусулмонлар ва қибтий-насронийлари орасида юз берган тўқнашувлар ўнлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди

Исломий либосларда акс этган машҳур мультфильм қаҳрамонлари – Минни ва Микки Маусларнинг суратларини твит қилгани учун мисрлик бойлардан бирининг боши балоларда қолди.

Телекоммуникация соҳаси наҳангларидан бири саналган ва ўзи қибтий-насроний бўлган Нагиб Савирис қилган иши учун Ислом динини ҳақорат қилишда айбланмоқда.

Жаноб Савирис аллақачон қилган твитлари учун узр сўраб, ҳеч кимнинг кўнглини оғритиш ниятида бўлмаганини урғулади.

Аммо Мисрдаги айрим мусулмон ҳуқуқшуносларга унинг узри кифоя қилмаган кўринади.

Улар жаноб Савириснинг устидан расман шикоят қилиб, масъулларга мурожаат этишди.

Бошқа бирлари эса, унинг бизнесини бойкот қилишга чақиришди.

Сўнгги ҳодисалар Мисрда шундоқ ҳам мусулмонлар ва насронийлар орасида муносабатлар танг бир манзарада кузатилмоқда.

Исломий либосда...

Нагиб Савирис твит қилган суратларда Микки Маус узун соқол ва ридода акс этган бўлса, Минни Маус буткул бурқада намоён бўлади.

Уларнинг машҳур мультфильм қаҳрамони эканликларини фақат исломий либосларидан чиқиб турган шалпангқулоқлари ва пуштиранг капалак нусха тугунидан билиб олса бўлади.

Исломий қиёфадаги Микки ва Мини Мауслар бундан аввал ҳам интернетда имконли бўлган.

Аммо жаноб Савирис уларни қайта твит қилиши биланоқ Мисрдаги мусулмонларнинг ғазаблари жўш уриб кетган.

Ўтган жума куни бизнесмен яна твит қилиб, “Суратлар ўзига кулгули туюлгани учунгина бу ишни қилгани, бирор бир кишини ҳақорат қилмоқчи бўлмагани айтиб, узр ҳам сўраган”.

Аммо ўн минглаб мисрликлар Facebookдаги гуруҳларга қўшилиб, жаноб Савирисни “тахтачага олиш”га тушиб кетишди.

“Агар бу шунчаки ҳазил бўладиган бўлса, нега Микки Маусни роҳиб ёки роҳиба қиёфасида акс этдиришмайди?”, деб айтган Мисрдаги мусулмон уламоларидан бири Мазен Серсавий.

Мисрлик муслималардан бирига кўра, “Сўз эркинлиги билан ошкора ҳурматсизликнинг ўртасида чегара бўлмоғи лозим”.

Бизнес...

Давомий можаролар ва бойкотлар сабаб эса, Нагиб Савирисга тегишли ширкат ҳиссаларининг нархи ҳам тушиб кетган.

Отаси Мисрдаги энг бадавлат шахс бўлган жаноб Савириснинг ўзи дунёвий қарашлари билан танилган инсон.

У бир эмас, бир неча бор Мисрдаги кучайиб бораётган исломий фундаментализмга қарши чиққан.

Нагиб Савирис яқинда бўлиб ўтган ва президент Ҳусни Муборакнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган аксилҳукумат намойишларининг фаол аъзоларидан ҳам бири эди.

Куни-кеча эса, “Эркин мисрликлар” партиясига ҳам асос солган.

Кўпчилик мисрликларни ҳайратга солган нарса - қандай қилиб мусулмонлар ва насронийлар орасида муносабатлар танг бир паллада унинг Дисней персонажларини бу каби қиёфада твит қилишга қарор қилгани сабаб бўлган.

Чунки бу икки дин вакиллари орасида бўлиб ўтган сўнгги низолар ўнлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди.

Энди эса, суратлар билан боғлиқ можаролар феврал ойидаги намойишлар ортидан сентябр ойига режаланган илк сайловлар арафасида Мисрда вазиятни янада таранглаштириши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас.