'Якка, темир эшик ва деразаси панжарали хонада ўтирган инсон ҳолатини тушуниш жуда ҳам қийин'

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон 17 кунни тутқунликда ўтказган. Оиласи аъзолари ўтган ҳафтадан бери у билан кўришмаган.

Ўринбой Усмонни ҳануз Ҳизбут-Таҳрир фирқасига алоқадорлик айбловлари асосида сўроққа тутмоқдалар.

Айбловларни Ўринбой Усмоннинг ўзи ва Би-би-си қатъиян рад этиб келмоқда.

Ўринбой Усмон билан кўришишга муваффақ бўлган ҳамкасби унинг нақадар кучли руҳий босим остида эканлигига гувоҳ бўлган.

Бу каби босимни фақатгина ҳибсхона шароитини бошдан кечирганларгина аниқ тасаввур қила олса керак.

Ана шундайлардан бири озарбайжонлик блоггер Эмин Миллий.

Эмин Миллий безорилик айблари билан Озарбайжондаги қамоқхонада 17 ой сақланган.

Кўплар унга қарши айбловлар сохталаштирилганлиги ва мамлакат расмийларини танқидга олгани учунгина тазйиқ остига олинганлигини айтганлар.

Эмин Миллий халқаро кампания натижасида озод қилинган эди.

Би-би-си студиясига ташриф буюрган Эмин Миллийдан биз ўз бошидан кечирганлари асосида Ўринбой Усмоннинг бошига тушганларига муносабати қандай эканлигини сўрадик.

Эмин Миллий: Энг аввало қўлида қалами бўлган инсонларнинг бошқа инсонлар ҳақида мақолалар ёзгани учун жазоланиши қайғулидир. Бошқа томондан, Ўринбой Усмоннинг ҳибсга олиниши ундай инсонлар бажараётган иш нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади. Бу бир маънода ифтихор ҳамдир. Агар Ўринбой Усмон бир самарали, одамлар ҳаёти учун керакли ишни бажармаганида эди, уни жазоламаган бўлишарди.

Би-би-си: Қамоқда экансиз, ташқарида нима бўлаётганини, сизга тайинланадиган жазо қандай бўлишини билмайсиз. Шахсий тажрибангиздан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, бу қамоқдаги инсонга қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?

Эмин Миллий: Илк бошда сен шок ҳолатига тушасан. Одам бу ҳақда ёзиши мумкин, ўқиши мумкин, аммо ўзи бошига тушмас экан, якка, темир эшик ва деразаси панжарали хонада ўтирган инсон ҳолатини тушуниш жуда ҳам қийин бўлади. Мени якка ўзимни битта хонада сақлашарди. Ўринбой Усмонни ҳам бир муддат якка ўзини сақлашса керак. Инсон алалоқибат бир нуқтага етадики, ўз ҳолатини салбий нуқтаи назардан кўришни истамай қолади. У босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида, нима учун айнан уни ҳибсга олганликлари ҳақида ўйлай бошлайди. Ўринбой Усмон бажараётган ишнинг аҳамияти нимада? Мен ҳақиқатни инсонларга айтаётганида, деб ўйлайман. Мени ҳибсга олганларидан икки кун ўтиб, шок ҳолатидан чиқдим ва ўзимга кела бошладим. Ҳибсда ўтириш ўлимнинг бир тури эди мен учун. Чунки яшаётган ҳаётингдан ҳеч нарса қолмайди. Сен жисмонан тириксан, аммо ўзинг яхши кўрган инсонларингни кўра олмайсан.

Би-би-си: Ҳибсда экан, тергов пайтида сени ўзинг эътироф этмаган, содир этмаган жиноятда давомли айблашаверсалар, йўқ нарсани ҳақиқатга йўя бошлайсанми? Сизда ҳам шундай бўлганми?

Эмин Миллий: Йўқ. Мен ҳақиқатга қарши чиқиш қийин, деб ўйлайман. Сенга нисбатан уйдирмалар қанчалик йирик бўлмасин, агар сенинг эс-ҳушинг жойида бўлса, ўзингни бу уйдирмалардан устун ҳис қила бошлайсан. Ўринбой Усмонга муносабат қандай бўлаётганини билмайман. Аммо менинг ишимда мени қийноққа солишмаганди. Улар мени жавобларимни бошдан-оёқ ёзиб олишди, ўзлари талқинидаги ҳақиқатни менга маълум қилишди, ёлғон кўрсатмалар берувчи гувоҳларни топишди. Лекин, менга айблов қўйилган пайтдан бошлаб ким бўлишидан қатъи назар - хоҳ у терговчи бўлсин, хоҳ қамоқхона нозири, хоҳ қораловчи бўлсин, хоҳ ҳакам - мен уларнинг уялганликларини ҳис қилиб турдим. Терговчи мени сўроққа тутаётганида уялганидан юзлари қизариб кетарди. Мен унга уни яхши тушунишимни айтгандим. Чунки унинг фарзандлари бор эди, ишидан ажралиши мумкин эди. Тузум бир ишни бажаришга мажбурласа, ушбу тузум ичида бўлган инсонларни айблаш жуда қийин.

Би-би-си: Ўринбой Усмонни халқаро ташкилотлар, дипломатлар, ҳамкорлари қўллаб-қувватлаяпти. Ҳибсга экансан, бундай дастак қанчалар аҳамиятли бўлиши мумкин?

Эмин Миллий: Мен бунинг аҳамияти жуда катта деб ўйлайман. Ҳибсда экансан, бир кишидан мен сени қўллаб-қувватлайман, деб ёзилган бир энлик мактубни олсанг ҳам, бу сенга беқиёс куч ато қилади. Чунки, сен бошқа бир дунёда яшаяпсан-у, бу мактуб сенга бошқа дунёдан келаётгандай бўлади. Маҳбусга оила аъзолари аҳволидан хабардор бўлиб туриш жуда муҳим. Чунки, ҳибсдалигингда фикру-хаёлинг оила аъзоларингда бўлади. Бундан ташқари сисёсатчилар, дипломатлар, нодавлат ташкилотлари, таниқли шахсларнинг дастаги ҳам ниҳоятда аҳамиятли. Уларнинг босими Ўринбой Усмоннинг озод бўлишини тезлаштиради, ҳибсдаги шароити яхшиланишига хизмат қилади.