2 июл куни дунёда содир бўлаётган муҳим воқеалар

Сурия

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия Президенти Башар ал-Ассад ўз бошқаруви остидаги энг йирик норозилик намойишларига саҳна бўлган Ҳама шаҳри ҳокимини ишдан бўшатган. Ҳоким Аҳмад Холид Абдил Азизнинг вазифасидан четлатилишига оид хабар Сурия давлат телевидениеси орқали эълон қилинган. Жума куни Ҳама шаҳрида қарийб ярим миллион кишининг намойишга чиққанликлари, хавфсизлик кучлари томонидан ҳам уларга деярли қаршилик кўрсатилмагани хабар берилганди.

Баҳрайн

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бир неча ойлик намойишлар ортидан баҳрайнлик расмийлар мамлакат мухолифати билан расман музокараларини бошлашган. Давомий намойишлар чоғида Баҳрайнда ҳам ўттиздан ортиқ кишининг қурбон бўлганлиги айтилганди. Мамлакат подшоҳи музокаралар жараёнида барча танловлар кун тартибида эканини билдирган. Лекин музокаралар расман бошланиши ортидан, бир кунга кечиктирилган. Мулоқотларда Баҳрайндаги шиа кўпчилигини намоён этувчи асосий мухолифат иттифоқи иштирок этмоқда. Улар узоқ вақтлардан буён бошқарувдаги суннийлар элитаси томонидан ҳуқуқлари топталаётганидан шикоят этиб келишади.

Аксилҳукумат намойишчиларига тиббий ёрдам кўрсатгани учун Баҳрайнда маҳкамага тортилаётган йигирмата шифокордан бири Би-би-сига ўзларининг жисмоний ва руҳий зўравонликларга дучор этилганликларини айтиб берган. Бир неча ойлик ҳибс ортидан товон эвазига озодликка чиқарилган шифокорга кўра, уларнинг кўзларини боғлаб, роса калтаклашган, телевизион камералар қаршисида ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишга мажбур қилинганлар.

Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистонда йўл ёқасида ўрнатилган бомбага дуч келиб, Покистондан қайтаётган ўн бир қочқин ҳаётдан кўз юмган. Ҳодиса юз берган пайтда ораларида аёллар ва болалар ҳам бўлган қочқинлар жанубий Зобул вилоятидан мини-автобусда ўтиб кетаётган бўлишган. Айрим хабарларда айтилишича, қурбонларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлишган.

Тайланд

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Тайландда эса, бугун сайловолди кампанияси ўз ниҳоясига етган. Сайловлар мамлакатдаги беш йиллик сиёсий беқарорлик ортидан бўлиб ўтади. Сўровларда мухолифат номзоди Йинглак Шинаватра пешқадамлик қилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, у ғалаба қозонган тақдирда буни мамлакат ҳарбийлари қандай кутиб олишлари маълум эмас. Йинглак Тайланд собиқ Бош вазири, зиддиятли сиёсатчи Таксин Шинаватранинг синглисидир.