Исроил полицияси яҳудийларнинг етакчи руҳонийсини ҳибсга олди

Овадиа Ёсеф
Image caption Овадиа Ёсеф Исроилдаги энг машҳур руҳоний раҳбарлардан биридир

Исроил полицияси яҳудий бўлмаганларни маълум ҳолатларда ўлдиришни ёқловчи китобни маъқуллаган етакчи раввинини қисқа муддатга ҳибсга олди.

Исроилда жуда машҳур диний раҳнамолардан бирининг фарзанди раввин Якоб Ёсефнинг ҳибсга олиниши ва сўроқ қилиниши унинг тарафдорларини Қудси Шариф кўчаларига чиқишларига ва шаҳар темир йўлини беркитиб қўйишларига сабаб бўлди.

Полиция раввин Ёсефни "Подишоҳ Тавроти" номли китобни ёқлаб чиқиши юзасидан терговга чақирган.

Бироқ таниқли руҳоний полиция идорасига келмагач, ҳуқуқ-тартибот идоралари уни бир соат давомида полиция идорасида ушлаб турганлар.

Исроилдаги Би-би-си мухбирига кўра, Якоб Ёсеф китоб юзасидан сўроққа тутилаётган иккинчи юқори мартабали раввиндир.

Полиция сўзчисининг айтишича, раввин Ёсеф зўравонлик ва ирқий адоватни уйғотишда гумон қилиниб, сўроққа тутилган.

Зиддиятли китобда диний уруш пайтида яҳудий бўлмаган инсонларни, ҳатто улар гуноҳсиз бўлсалар ҳам, ўлдиришга изн берилгани таъкидланади.

Полиция томонидан руҳонийнинг ҳибсга олиниши ҳақида гапирган Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил қонун устувор бўлган давлат экани ва ҳеч ким қонундан устун эмаслигини айтди.

"Подишоҳ Тавроти" китоби кўплаб раввинларнинг кескин танқидларига учради.

Улар китобда ёқлаб чиқилган ғоялар Яҳудийлик таълимотига қарши эканини айтишади.

Рабби Ёсеф ўта машҳур диний раҳнамо Овадиа Ёсефнинг ўғлидир.

Овадиа Ёсеф Бош вазир Нетаняҳу бошчилигидаги коалицияга кирган "Шас" партиясининг руҳоний раҳбари ҳисобланади.

Таҳлилчилар сўзларига кўра, китоб юзасидан бошлатилган текширувлар Исроил давлатидаги расмийларни ўта ўнг қанот яҳудийларга қарама-қарши қилиб қўйди, дея хабар беради Би-би-си мухбири.