Сўнгги янгиланиш 5 июл 2011 - 11:17 GMT

Ан Сан Су Чи озод этилганидан бери илк бора Рангундан ташқарига сафар қилди - видео

Бирманинг демократпараст мухолифат раҳбари Ан Сан Су Чи ўтган йил уй ҳибсидан озод этилганидан бери илк марта пойтахт Рангундан ташқарига сафар қилган.

Ан Сан Су Чи қадимий эҳромлар жойлашган Баган шаҳрига ўғли Ким Арис билан ташриф буюрди. Ўғли сафарни таътил дея тасвирлади.

Шартларсиз озод этилган Су Чи хоним қонунга биноан сафар қилишга ҳақли.

Бироқ, ҳукумат агар у халқни намойишларга ундаса бошбошдоқлик юзага келишидан огоҳлантирган. Су Чи хонимнинг ҳаёти борасида ҳам хавотирлар изҳор этилган.

Ан Сан Су Чи ўзи отаси бўлмиш машҳур собиқ генерал ва мустақиллик учун кураш раҳбари Ан Сан туғилган жойни бориб кўришни режалаган.

Унинг ўғли онаси ҳам, ўзи ҳам таътилга муҳтож эканларини айтган.

Фуқаролар кийимидаги агентлар

Су Чи хоним Бирмадаги демократия учун кураш рамзига айланган

Ан Сан Су Чи партияси расмийлари тарафдорларни Су Чи хоним билан кўришишга чиқмасликка чақиришган. Улар 2003 йилда Рангун ташқарисида уюштирилган сафарда Су Чи хонимнинг карвони ҳукуматпараст ҳарбийлар томонидан ҳужумга олинган ҳодиса такрорланишини исташмайди.

Су Чи хоним ўшанда Бирма шимолига сафар қилаётганда, ҳукуматга алоқадор жиноий гуруҳлар унинг атрофидагиларга ҳужум қилган.

Унинг ўзи омон қолган, бироқ ўтган йил ноябригача етти йил уй ҳибсида сақланган.

"Асабларимиз таранг. Унинг хавфсизлигидан хавотирдамиз," деди Банкокда жойлашган Бирма Демократия Форуми вакили Су Аунг.

Ўтган ҳафта армия дастаги билан иқтидорда бўлган янги ҳукумат Ан Сан Су Чи ва унинг партиясини барча сиёсий фаолиятларини тўхтатишга чақириб огоҳлантирган.

Су Чи хоним Баганга сафарини тарғиб қилишни истамаган бўлсада, уни журналистлар ва оддий одамлар ўраб олишган. Улар орасида фуқаролар кийимидаги давлат хавфсизлик агентлари ҳам бор эди.

Кўплар учун Ан Сан Су Чи Бирмадаги демократия учун курашнинг рамзига айланган.

У ўтган 20 йилнинг аксар қисмини тутқунликда ўтказганига қарамай, унинг аҳлоқий ва сокин мухолифати халқ орасида катта дастакка эга бўлган.

Су Чи хоним Бирмани тарк этишдан бош тортиб келади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.