Афғонистон энди 2014 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок эта олмайди

Илк бор Ғарбий Соҳилда бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувида Фаластин миллий терма жамоаси билан дуранг натижа қайд этган афғонистонлик футболчилар ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ кейинги босқичга ўта олишмади.

Ғарбий Соҳилдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлиги сабаб, шу пайтгача фаластинлик футболчилар ўз уйларида ўтказишлари лозим бўлган ўйинларни қўшни Иорданияга бориб ўйнаб келишарди.

Минглаб ишқибозларнинг кўзлари Фаластин футбол тарихига айланган ўйинга михланган эди.

Чунки Ғарбий Соҳилда илк бор Жаҳон чемпионати доирасидаги беллашув бўлиб ўтаётганди.

Ҳамма орзиқиб кутган ана шу учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди.

Аммо дуранг натижа ҳам фаластинлик футболчиларнинг Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларидаги курашларини давом этдиришга имкон берарди.

Маҳаллий ишқибозлардан бири Асил Юсуф учун эса, бу - футбол учрашувидан кўра ҳам каттароқ бир воқеа эди.

Фаластиннинг сиёсий лидерлари учун ҳам футбол бўйича миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати ўйинларидаги иштироки кичик бўлса-да, давлатчилик йўлида қўйилган муҳим қадам саналади.

Халқаро Футбол Уюшмаси ФИФАнинг ушбу учрашувни Ғарбий Соҳилда ўтказишга изн бергани эса, Фаластин маъмурияти остида бу ерда хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг қанчалик ўнгланганига далолат қилади.

Бироқ уларнинг майдондаги рақиби Афғонистон ҳақида бундай деб бўлмайди.

Афғонистонликлар учун ҳамон бу каби беллашувларга мезбонлик қилиш орзулигича қолмоқда.

Чунки ҳатто пойтахт Кобулда ҳам хавфсизлик масаласининг ҳануз абгор қолаётгани бунга имкон бермайди.

Шундай қилиб, Ғарбий Соҳилда кечган тарихий учрашув ортидан Афғонистон миллий терма жамоасининг 2014 йилги Бразилияда кечадиганЖаҳон чемпионатида иштирок этиш ниятлари чиппакка чиқди.

Ўз тупроғидаги оламшумул муваффақияти ортидан эса, фаластинликлар ҳам ҳали олдинда узоқ йўлни босиб ўтишлари лозим бўлади.

Жаҳон чемпионатининг навбатдаги саралаш босқич учрашувларида уларнинг кейинги рақиби Тайланд бўлади.