Якшанба кунги намойишлар чоғида Беларусда 'юзлаб кишилар ҳибсга олинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишларича, Беларусда якшанба куни бўлиб ўтган "тинч намойишлар" чоғида юзлаб кишилар ҳибсга олинишган.

Беларус Мустақиллиги куни бўлиб ўтган намойишларни тарқатиш учун милиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

"Весна" маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ҳисоб-китобларига кўра, биргина пойтахт Минскнинг ўзида 200 га яқин киши қўлга олинган.

Мамлакатнинг қатор минтақаларида ҳибсга олинганларнинг сони эса, қарийб 100 га етган.

Аммо намойишлар чоғида қанча кишининг ушлаб кетилганига оид расмий маълумотлар йўқ.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги тарқатган хабарларда айтилишича, Беларус ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳатто, якшанба кунги акция ҳақида миқ этмасликни афзал билишмоқда.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, 200 дан ортиқ одам бир қанча туман Ички ишлар бошқармаларига олиб кетилганлар.

Уларнинг майда безориликларда айбланаётганликлари айтилади.

Мустақиллик куни

Хабарларга кўра, мамлакат мухолифатининг норозилик акцияси Мустақиллик кунига бағишланган бўлган.

Фаолларнинг айтишларича, у - "Ижтимоий тармоқлар орқали инқилоб" номи остида уюштирилган бешинчи тадбир бўлган.

Акция ташкилотчилари бутун чиқишни сукут сақлаб, аммо қарсак чалиб ўтказиш мақсадида бўлишган.

Уларнинг ушбу режаларига тўсқинлик қилиш учун масъуллар президент Александр Лукашенконинг нутқи пайтида қарсак чалишни ман этиб қўйишган.

Шу сабабдан ҳам, кимки қарсак чалиб, президентни олқишлаган бўлса, ҳибсга олишган.

Қўлга олинганларнинг орасида журналистлар ҳам бўлганликлари, ҳужжатларини текшириб кўриш ортидан, улардан аксариятининг озод этилгани айтилади.

Лукашенко қандай фикрда?

Беларус раҳбарининг Мустақиллик куни қилган чиқишида айтишича, яқинда бўлиб ўтган намойишларнинг барчаси мамлакатида инқилоб уюштиришга қаратилган.

Александр Лукашенкога кўра, намойишларнинг ортида турганларнинг мақсади - Беларусни "тиз чўктириш"дир.

Аммо Беларус президентининг қатъий баён қилишича, бу нарса ҳеч қачон амалга ошмайди.

Ўтган декабр ойидаги зиддиятли президентлик сайловлари ортидан қатор Ғарб давлатлари Беларусга жазо чоралари ҳам киритишганди.

Бунга сайлов натижаларидан норози бўлиб, оммавий намойишларга чиққан кўплаб одамларнинг ҳибсга олинишлари сабаб бўлганди.

Авторитар бошқаруви билан ном чиқарган Беларусда норозилик намойишлари камдан-кам кузатилади.

Аммо яқинда фаоллар интернет орқали фуқароларни уюштириб, бир қатор намойишлар ўтказишга муваффақ бўлишганди.

Дейлик, ўтган ой мингга яқин киши пойтахт Минскда тўпланиб, мамлакатда вужудга келган иқтисодий бўҳронга "тинч" норозиликларини изҳор этишганди.