Олмон парламенти Саудияга 200та танк сотиш битимини муҳокама қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp
Image caption Олмониянинг Саудия Арабистонига яширинча 200та танк сотмоқчи эканлиги айтилмоқда.

Репрессив ҳукуматларга қурол-яроғ сотмаслик сиёсатига қарамай Олмониянинг Саудия Арабистонига яширинча 200 та танк сотиш режаларини парламент аъзоари муҳокама қилишмоқчи.

Ушбу режа ҳақидаги маълумотларни ўтган якшанба куни "Spiegel" рўзномаси ошкор этди.

Маълумотларни Саудия Арабистони Хавфсизлик Хизматидаги манбалар тасдиқлаганлар.

Олмониядаги мухолиф партиялар Саудия Арабистони Баҳрайндаги режимни қўллаб қувватлаётганидан хавотирдалар.

Айтилишича, Саудия Арабистони Leopard 2 русумидаги 200 та танкни сотиб олиш илинжида.

Саудия Арабистони шу вақтгача АҚШ ва Франсада ишлаб чиқарилган 1000 дона танк сотиб олган.

Мамлакат қурол-яроғлари март ойида Баҳрайн ҳукумати намойишчиларни бостириш мақсадида ёрдам сўраган вақти яққол кўзга ташланганди.

Reuters агентлиги хабарига кўра Саудия охирги 30 йил мобайнида олмон танкларини сотиб олиш хоҳишида бўлган, лекин ҳар гал сўрови қондирилмаган.

Хабарларга кўра, бу гал Олмония розилик беришидан аввал АҚШ ва Исроил томони билан маслаҳатлашган.

Олмония мухолифатига кўра, Саудияга танклар сотиш режаси канцлер Ангела Меркел ҳукуматининг араб дунёсидаги демократик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги сўзларига қарамай, амалда бунинг аксини қилаётганликларидан далолат беради.