Сурия ва Мисрда янги норозилик намойишлари бошланган

Image caption Сурия ҳукуматининг куч қўллаётганига қарамасдан, мамлакатда тўрт ойдан бери аксилҳукумат намойишлари давом этмоқда.

Сурия бўйлаб катта сондаги аксилҳукумат намойишчилари кўчаларга чиққанлар.

Пойтахт Дамашқда жума намозидан кейин юзага келган намойишларни ҳукумат хавфсизлик кучлари тарқатишган. Ҳама шаҳри марказида ҳам минглаб одамлар тўпланганлар.

Шоҳидларга кўра, атрофда полиция кўринмасди. Лекин шаҳарда танклар шай қилиб қўйилган. Ўтган жума куни Ҳамада бошланган йирик намойишдан бери бу шаҳарда 20 нафардан зиёд намойишчи отиб ўлдирилган.

Сўнгги намойиш хабари ортидан Америка ва Франция элчилари Ҳамага боришган, бироқ бу ташриф Сурия ҳукуматини ғазабга солган.

Сурия президенти девони вакилларининг айблашича, АҚШ элчиси бу билан тўрт ой илгари бошланган аксилҳукумат намойишларини тарқатиш саъй-ҳаракатларини чиппакка чиқаришга уринмоқда.

Сурия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, элчи Роберт Форднинг бу сафари Суриядаги давомли намойишларда АҚШнинг қўли борлигини кўрсатади.

Сурия мулозимларининг таъкидлашича, уларнинг рухсатини олмасдан, Ҳамага борган АҚШ ва Франция элчилари аслида дипломатик қонун-қоидаларга зид иш тутишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мисрдаги намойишчилар эса собиқ ҳукумат мулозимларини маҳкамага тортиш ва ислоҳотларни тезлаштиришни талаб қилишмоқда.

Бироқ мухбирларимизга кўра, хорижий элчиларнинг Ҳамага боришлари сабабли Сурия ҳукумати кучлари намойишчиларга қарши ҳужум қила олишмаган.

Суриялик намойишчилар якшанба куни бошланиши кутилаётган миллий мулоқот таклифини рад этишмоқда.

"Араб уйғониши" ва "Араб баҳори" номлари машҳур аксилҳукумат намойишлари ўтган март ойи Сурияга ҳам етиб келганди.

Бироқ Вашингтон шу пайтгача Президент ал-Ассад ислоҳотларни бошлашга кечикаётганини айтганса-да, ҳали уни истеъфо беришга чақиргани йўқ.

Сурия аксилҳукумат намойишларига куч билан жавоб қайтармоқда. Айнан қанча инсон нобуд бўлгани маълум эмас. Бироқ минглаб инсонлар жон сақлаш қўшни Туркияга кўчиб ўтишган.

Мисрда ислоҳот талаблари

Оммавий намойишлар ёрдамида Президент Ҳусни Муборак қудратдан кетишга мажбур қилинган Миср яна норозилик амалларига саҳна бўлмоқда.

Юз минглаб мисрликлар Қоҳирадаги "Таҳрир" майдонига, Искандария ва Сувайш шаҳарлари кўчаларига чиқиб, ислоҳотларни тезлаштириш, собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг мулозимларини тезлик билан маҳкамага тортиш талабларини илгари сурганлар.

Мисрлик намойишчилар ўтган оммавий ғалаёнлар пайти одамларни ўлдиришга алоқадор расмийларни жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилмоқдалар. Президент Муборакка қарши кечган илк намойишларда 17 инсоннинг ўлимига алоқадорликда кўрилган полиция ходимлари ўтган ҳафта гаров эвазига қўйиб юборилган, бунинг ортидан эса янги намойишлар юзага келганди.

Бир ойдан узоқроқ вақт мобайнида норозилик амалларига қўшилмай келган Мисрнинг "Мусулмон Биродарлари" мухолифат гуруҳи ҳам сўнгги намойишни қўллаб-қувватлашини айтган.