News of the World ёпилиб, собиқ муҳаррири ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўтган 168 йил давомида фаолият юритиб келган нашр шу якшанба куни охирги марта чоп этилади.

News of the World собиқ муҳаррири Энди Кулсон телефонларни ноқонуний тинглаш можароси ортидан ҳибсга олинган.

Британия Бош вазири Девид Камерунга кўра, сиёсатчилар, таниқли шахслар, террор қурбонлари ҳамда хорижда ҳалок бўлган британ аскарлари яқинларининг телефонларини тинглаш можароси батафсил текшириб чиқилади.

Жаноб Кулсон сўнгги пайтлари Британия Бош вазири Девид Камеруннинг матбуот котиби сифатида ишлаган эди.

Аммо у одамларнинг телефонлари қонунга зид равишда тинглангани ҳақида билмаганини айтмоқда.

Олди-қочди хабарлари билан машҳур ва якшанба кунлардаги энг харидоргир газета бўлмиш News of the World айнан телефонларни ноқонуний эшитиш можароси боис бир кун олдин ёпилганди.

News International медиагуруҳи Директорлар Кенгаши раҳбари Жеймс Мердокнинг маълум қилишича, 168 йил давомида фаолият юритган нашр сўнгги йиллари бир неча бор хатога йўл қўйган ва шу якшанба куни сўнгги бор чоп этилади.

News of the World нашри аввалига бир неча нафар сиёсатчи ва машҳур шахсларнинг телефонларини тинглаган, деган хабарлар ўртага чиққанди.

Кейинроқ эса 2005 йилги Лондон портлашлари қурбонлари телефонларини ҳам ноқонуний равишда тинглагани ойдинлашган.

Ҳатто Ироқ ва Афғонистонда ҳалок бўлган Британия аскарлари яқинларининг телефонлари ҳам эшитилган.

Бир неча йил олдин йўқолган англиялик ўспирин қизнинг телефонига ҳам кириб борган ва уни излаётган дўстлари ҳамда яқинлари қолдирган хабарларни тинглагани ва хотира бўлмаси тўлиб қолган пайтлари эса, ҳатто айрим овозли хабарларни ўчиргани ҳақида ҳам айтилади.

Айни дамда, News of the World нашри бу ишларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш учун баъзи полиция ходимларига пул бергани эҳтимоллари ҳам текширилмоқда.